Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кеча Жиззах шаҳридаги "Ўрда" истироҳат боғида мудҳиш бахтсиз ҳодиса юз берганди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, аттракцион синиши оқибатида тўрт нафар фуқаро жароҳатланган бўлиб, уларнинг орасида вояга етмаганлар мавжуд эмас. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мудҳиш ҳодиса 10 июнь куни соат тахминан 22:00 атрофида, истироҳат боғида одамлар дам олаётган вақтда юз берган. Аттракционлардан бири ҳаракатланаётган пайтда тўсатдан синиб кетган ва ичидаги йўловчилар билан бирга қулаган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган тиббиёт ходимлари томонидан жароҳатланган тўрт нафар фуқарога биринчи ёрдам кўрсатилган.
Тиббий кўрик хулосаларига кўра, жабрланувчиларнинг баъзиларига воқеа жойининг ўзида зарур муолажалар қилинган бўлса, қолганлари шифохонада тўлиқ текширувдан ўтказилиб, тегишли ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйларига жавоб берилган. Ҳозирда шифокорлар томонидан уларнинг жароҳатланиш даражаси аниқланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу техник носозлик сабабларини, боғдаги хавфсизлик қоидаларига қанчалик риоя этилганини ўрганиш мақсадида суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас