Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирус пандемиясидан фойдаланиб, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати вилоят бошқармалари ходимлари пул ишламоқчи бўлгани эсингиздами? Улар ўта қиммат хлорни сотиб олиб, коронавирусга қарши кураш учун ажратилган маблағдан қарийб 2 миллиард сўмни ўзлаштирган. Бу жиноятлар мансабдор шахсларнинг давлат томонидан ишониб топширилган солиқ тўловчиларнинг пулларини ўз чўнтакларига қўйганига бир мисолдир.
Ўзбекистонда ўтган йили давлат харидларида сунъий равишда оширилган нархлар орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш бўйича жами 30га яқин ҳолат аниқланган.
Шунингдек, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари манфаатлар тўқнашувига гувоҳ бўлишмоқда. Миллиардлаб сўмли фойдали лойиҳаларга амалдорларнинг қариндошлари эгалик қилмоқда. Бу каби ҳолатларни аниқлаш бўйича ваколатли идоралар доимий ҳисобот бериб келаётгани, шунингдек тайинланаётган жазога қарамай, негадир бундай суиистеъмолликлар мунтазам давом этиб, кишиларнинг ғазабини келтириш баробарида, мамлакат келажагига шубҳа уйғотмоқда.
Нега бундай бўлаётгани ҳақида Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси Ижрочи директори Камол Ниёзов ва Azimut Sirmersan компанияси вакили Саидазим Муҳаммедов Batafsil.uz. мухбирига айтиб беришди. Улар буюртмачилар томонидан рақобатнинг чекланиши, бизнес вакилларининг давлат харидларига қўйилмаслиги, тасодифан ютиб олган компанияларга йўл берилмаслиги, шунингдек тендерлар шунчаки пулларни нақдлаштириш ва амалдорлар чўнтагига йўналтириш усули эканлиги ҳақида фикр юритди.
- Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси-бу қандай ташкилот? У качон пайдо бўлган ва нима билан шуғулланади?
Камол Ниёзов: - Ташкилотимиз 2018 йилдан буён фаолият юритиб, корпоратив ва давлат харидлари билан бевосита ишлайдиган тадбиркорлар манфаатларини ифодалайди. Биз етказиб берувчиларни тендерлар ўтказиш қоидаларига ўқитиш билан шуғулланамиз. Бундан ташқари, етказиб берувчилар муайян буюртмага оид муаммога дуч келишса, биз аниқ лот бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдам берамиз.
- Тендерлар қандай ўтказилади? Биламизки, бу соҳада ҳамма нарса шаффоф эмас.
Камол Ниёзов: - "Тендер" сўзи очиқ рақобат тамойилига асосланган харид усулини назарда тутади. Бугунги кунга келиб, буюртмачи учун харид ижрочисини аниқлаш борасида харид тартибининг 5 тури –тендер, танлов, аукцион, электрон магазин, шунингдек ягона етказиб берувчидан сотиб олиш қўлланилади. Бу буюртмачига маҳсулот ёки хизматнинг техник хусусиятлари, нархи ва етказиб бериш вақти бўйича энг қулай шарт-шароитларни таклиф этадиган товар ёки хизматларнинг мақбул етказиб берувчисини танлаш имконини беради. Бундан ташқари, бу иқтисодиётни рағбатлантирувчи воситалардан бири ҳисобланади. Яъни, иштирокчилар учун рақобат шароитларини яратилиши кўпроқ компанияларни жалб этиш ва уларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Албатта, дунёда давлат харидларининг мукаммал тизими йўқ. Бироқ, сохта битимлар, асоссиз қиммат харидлар ва талон-тарожлар Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган муаммо ҳисобланади.
- Бу учун қандай механизмлар ишлатилади?
Етказиб беришнинг қисқа муддати
Камол Ниёзов: - Энг кенг тарқалган механизмлардан бири - қисқа муддат ичида етказиб беришни белгилашдир. Қонунда бу жиҳатлар ҳеч қандай тартибга солинмаган ва буюртмачилар бундан яхши фойдаланади. Улар шартномаларда шундай муддатларни қуйишадики, бу вақт ичида четдан катта партияли моллар ёки асбоб-ускуналарни олиб келиш, монтаж қилиш жуда кўп вақтни олади. Лекин бу потенциал етказиб берувчилар сонини сезиларли даражада камайтиради, қолаверса, буюртмачи аллақачон ўзи учун фойдали бўлган етказиб берувчи билан келишиб олган бўлади. Қоида тариқасида, шартнома барибир унга берилади, у олдиндан товарлар учун буюртма қилади ва мамлакатга олиб кириб, тендер эълон қилинишини бемалол кутиб тураверади.
Шу билан бирга, бу ҳолат буюртмасининг "ўз" компанияларига тааллуқли бўлмайди. “Ёқмаган” етказиб берувчиларга муддатидан кечикиб етказиб бериш учун жарима қўлланса, “дўстона” компанияга кечикиш сабаби акс этган хат тақдим этишга рухсат этилади ва кечирилади.
Саидазим Муҳаммедов: - Бизда қизиқ бир иш бўлган. 2019 йилда божхона қўмитаси томонидан 100 мингта божхона муҳрларини сотиб олиш учун электрон кимошди савдоси ўтказилди. Биз бу шартномани қўлга киритдик, аммо уни амалга оширишнинг иложи бўлмади.
Бундай кўп сонли муҳрларни ишлаб чиқариш, уларни Хитойдан олиб келиш ва уларга мижознинг серия рақамларини чоп этиш учун кўп вақт талаб этилади. Бироқ шартномада етказиб беришни етти иш куни ичида амалга ошириш кераклиги кўрсатилган. Биров, буюртмачи атайин учрашувдан қочиб, етказиб бериш муддати ниҳоясига етиш арафасида алоқага чиқди. Шу вақт мобайнида биз заводдаги навбатимизни ўтказиб юбордик, ишимиз қарийб икки ҳафтага сурилди. Ишлаб чиқаришнинг ўзи 25 кун давом этди. Мол Ўзбекистонга келгач, божхона қўмитаси вакиллари яна вақтни чўзиб юришди, молларни қабул қилишдан бош тортиб, камчиликларни қидириш, кераксиз ҳужжатларни талаб қилишни бошлашди. Шу пайтда, шартноманинг ҳар-бир кечиккан куни учун катта жаримамиз тўпланиб борди.
2020 йилда, биз буюртмачи билан судлашдик, лекин ютқаздик. Божхона муҳрлари ўзига хос маҳсулот ҳисобланади. Улар бошқа жойда ишлатилмайди ва бошқа бировга сотиб ҳам бўлмайди. Бу ҳолда, қонунга кўра, суд биздан жарима ундириши ва буюртмачини маҳсулотни қабул қилишга мажбур қилиши керак эди. 2019 йилда биз тендерни ютдик. Ҳозир 2021 йил бўлсада, мол омборхонада, биз эса зарарда турибмиз.
Биз ўз текширувимизни ўтказдик ва божхона қўмитаси асосан бирта компаниядан муҳрлар сотиб олаётганини аниқладиқ. Бир марта ушбу компания қисқа муддат ичида Хитойдан 800 минг дона муҳрни сотиб олиб келтирган. Бунга ишониш қийин, яъни улар ҳамма нарсани олдиндан билиб, тайёрлаб қўйишган. Шу билан бирга, улар битта муҳрни 15 центга сотиб олиб, божхона қўмитасига 4700-4900 сўм (тахминан 45 цент)га сотишган. Ушбу маҳсулотни биздан сотиб олгач, буюртмачи юқори сифатли (металл таркиби ва йиғилиши жиҳатидан анча яхши) маҳсулот ва паст нархда харид қилиши мумкин бўларди.
Ақл бовар қилмас шартлар ва товарга нисбатан ортиқча талаблар
Камол Ниёзов: - Шунингдек, “дўстона” компанияларни илгари суриш учун буюртмачи кўпинча бемаъни шарт ёки маҳсулотга ортиқча талабларни қўяди. Мисол учун, етказиб берувчи расмий дилер бўлиши керак, деб айтишади. Авторизация тўғрисидаги маълумотнома эса ишлаб чиқарувчи томонидан берилади. Бу бир парча қоғоз мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Бироқ, бу аввалдан келишувга эришилган етказиб берувчилар учун сезиларли даражада рақобатни камайтиради.
Биз бундай ҳолатларга дуч келдик, шунинг учун мазкур ҳаракатларнинг қонунийлиги бўйича Монополияга қарши қўмитасига мурожаат қилдик. Қўмита ўз хатида бундай маълумотномани талаб қилиш рақобат тамойилига зид, деб жавоб берди.
Ука, тендерни тасодифан ютгансиз
Камол Ниёзов: -Айрим ҳолларда товар харид қилинганидан сўнггина тендер эълон қилинади. Яъни, қурилиш аллақачон давом этмоқда, гуллар экилиб бўлган, товар ўз эгасини топган. Етказиб берувчилар давлат идорасининг сотиб олиш истаги ҳақида кейин хабар топишади. Тафсилотларни билиб олиш учун қўнғироқ қилсангиз, улар сизга: илтимос, аралашманг, иш кетмоқда ёки якунлаб бўлинган, тендер - шунчаки расмиятчилик, деб айтишади.
Саидазим Муҳаммедов: - Бир пайтлар Тошкент халқа йўлида кўчат экиш учун 150 минг дона гул етказиб бериш тендерини ютдик. Бу кўчатлар "Тошкентй лк калам" УК ( реестр бўйича номланиши –таҳририядан) учун керак бўлган экан. Бироқ, аниқласак, иш аллақачон бажариб бўлинган экан. Лойиҳа пуллари ишлатилиб, экиш жойлари эгаллаб бўлинган. Буюртмачи менга пора таклиф қилиб: “Укам, сен тасодифан ютиб чиққансан, мана бу пулларни ол. Ҳеч иш қилмасдан, фойда кўрасан”, -дедию, шартномаеи бекор қилишни сўради.
Биз принципиал равишда шартномани амалга оширишга қарор қилдик. У 432 млн сўмлик бўлиб, маржаси эса 200 млн сўмни ташкил этди. Натижада, "мустақил мутахассис” (аслида буюртмачига бўйсунадиган ташкилотдан) намуналаримизни бирма-бир қайтара бошлади. Лойиҳа учун танлаган учинчи иссиқхонани кўрсатиб, нусхаларимиз аллақачон сотиб олинганини билиб олдик.
Шу муносабат билан прокуратурага ариза ёздик. Улар иш очишди, кўплаб коррупцион битимлар аниқланди, миллиардлаб сўмлар талон-тарож қилинганлиги фош этилди. Маълум бўлишича, ушбу ташкилот минглаб дарахтларни экиш учун тендер ўтказган, энг қизиқарлиси шуки, кимошди савдоси бир кунда бўлиб ўтган. Бир кунда шунча кўчат сотиб олиб, экиш мумкин эмас. Шундай қилиб, ҳамма нарса олдиндан амалга оширилиб, аукцион номигагина ўтказилган. Қолаверса, билишимча, бу ташкилот раҳбари ҳамон ўз ўрнида ишламоқда.
Танловда шаффофлик йўқлиги
Камол Ниёзов: - Бизда танловлар қизиқ ўтади. Даставвал, харидлар бўйича комиссия (одатда 7 кишидан иборат) фирма, унинг кадр ресурслари, айланмаси, молиявий аҳволи ва бошқалар ҳақидаги маълумотни ўз ичига олган малакавий конвертларни очади. Техник танлов доирасида комиссия танлов таклифлари – маҳсулотнинг хусусиятларини текширади. Сўнгра, етказиб берувчилар ўз шартларини – нарх ва етказиб бериш муддатларини таклиф қилишади. Қонунга кўра, жараённинг ҳар бир иштирокчиси конвертларни очиш ва рақобатчиларининг намуналарини намойиш қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Саидазим Муҳаммедов: - Лекин бу ҳуқуқ кўпинча бузилади. Ўтган йили банклардан бири учун пул ҳисоблагичларини етказиб бериш бўйича тендерда иштирок этдик. Бироқ, малака конвертлари очилганда (пандемия туфайли, жараён Zoom орқали амалга оширилди), фақат бизнинг ҳужжатлар пакетимиз ўрганилаётганда иштирок этишга рухсат берилди. Лекин биз унда нима борлигини биламизку: биз бегона конвертлар мазмунини назорат қилишимиз керак. Бироқ, бизни узиб қўйишди. Сабаби- ахборот махфийлигида эмиш. Кўпинча, танловнинг иккинчи, техник қисмида иштирокчи ташкилотларнинг аксарияти тўлиқ ҳужжатлар тўпламини тақдим этмаганлиги, баъзилари иштирок этиш учун етарли малакага эга эмаслиги равшан бўлиб, улар ўтмаган бўлиши керак.
Интерактив доскаларни етказиб бериш бўйича танловда иштирок этганимизда ҳам, манфаатларимизга путур етказилди. Биринчидан, биз техник танлов босқичида рақобатчиларимизнинг намуналарини кўрсатишдан четлатилдик ва комиссиянинг ғолиб чиққан етказиб берувчи фойдасига қабул қилган қарори нақадар адолатли эканини билолмадик. Иккинчидан, мутахассисларимиз буюртмачининг илтимосига кўра қурилмага ўрнатилган дастур қандай ишлашини намойиш эта олмагани учун танловдан четлатилдик.
Етказиб берувчи таклиф қилаётган товардан қандай фойдаланишни ўргатишга мажбур эмас. Дейлик, архитектор компьютер сотиб олаётган пайтда, сотувчидан бу қурилмада 3ds Max қандай ишлашини намойиш этишни сўраса. Ахир бу бутунлай бемаъниликку. Етказиб берувчининг вазифаси - кўрсатилган талабларга жавоб берадиган маҳсулотни етказиб беришдан иборат холос. Бундан ташқари, дастурий таъминот алоҳида маҳсулот ҳисобланиб, унинг учун алоҳида танлов ташкил этилиши керак.
Ҳаво учун тўлов
Камол Ниёзов: - Айрим ҳолларда, товар етказиб берилгач, лотда кўрсатилган мол алмаштирилади. Мисол учун, аукционга бошқа бир товар қўйиладию, ҳақиқатда паст сифатли ёки бошқа хусусиятларга эга товар етказиб берилади. Масалан дейлик, Intel Core i3 ва i5 процессорли компютерлар бир-биридан жуда фарқ қилади.
Бунинг сабаби шундаки, аукцион ўтказилганда, лот учун берилган маълумотда маҳсулотнинг керакли тафсилотлари кўрсатилмайди. Одатда "Компютер талаб қилинади. Қўшимча маълумот техник бўлимда берилган", деб ёзилади. Техник қисм алоҳида файл шаклида бўлиб, шартнома билан бирга чоп этилмайди. Бундай қараб кўрсангиз, буюртмачи исталган компьютерни қабул қилиши мумкин.
Бундан ташқари, товарсиз операциялар ҳам бўлади. Бу айниқса, озиқ-овқат харидларига тегишлидир. Биз бундай шубҳали операцияларни кўрганмиз. Айтайлик, болалар боғчаси олма сотиб олади. Бозорда уларнинг нархи 10 минг сўм, тендерда эса 5 минг сўм қилиб кўрсатилган. Нима учун нарх бунчалик тушиб кетган? Кейинчалик аниқланишича, ҳеч қандай олма етказиб берилмаган. Шундай қилиб, улар шунчаки пулни нақдлаштирган холос. Бундай харидларни текшириш қийин: буюртмачи мевалар еб бўлинган, деб айтиши мумкин.
Саидазим Муҳаммедов: - Ҳа, буюртмачилар одатда товар ёки хизматлар сотиб олиш учун ажратилган маблағни нақдлаштиришни сўраб, ўзимизга ҳам улуш ваъда қилишади. Масалан, битта институт учун бўёқ ва эмульсия етказиб бериш бўйича шартномани ютиб чиқдик. Музокаралар давомида товар керак эмаслиги ва бошқа эҳтиёжлар учун пулни "чиқариб олишни" сўрашди. Буюртмачи вакили ноқонуний битимларга бормаслигимизни англагач, маҳсулотдан камчиликлар қидира бошлади. Мен у ерга заводнинг технологи билан бирга бордим, у ҳамма нарсани жойига қўйди.
2019 йилда "Ўзсувқурилиштаъминот" учун қувурлар етказиб бериш бўйича бир нечта шартномаларни қўлга киритдик. Шартномалардан бирида тендер оператори пулни нақдлаштиришни сўраб, 80 фоизини ўзига, қолган 20 фоизни бизга қолдиришни таклиф қилди. Биз бунга рози бўлмадик ва шартнома бекор қилинди. Бошқа бир ҳолатда, у маҳсулот кўрсатилган талабларга жавоб бермаслигини ёлғондан баҳона қилиб, 2 минг доллар эвазига камчиликларга кўз юмишга ваъда берди. Вазият жуда кулгили еэди. У қўлига штангенциркульни олиб, қувурлар қалинлиги 6 мм (8 мм бўлиши керак еди) эканлигини айтди. Шу билан бирга, ўлчов ноль белгисидан олинмаётганига ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди... Бундай мисоллар жуда кўп.
Расмиятчиликларни четлаб ўтиш усули
Камол Ниёзов: - Тўғридан-тўғри шартномалар тузиш учун буюртмачилар ва уларнинг доимий таъминотчилари Электрон кооперация порталидан фойдаланадилар. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган: бу ерда улар ўз маҳсулотларини намойиш қилишлари мумкин, буюртмачилар эса ҳеч қандай тендерсиз тўғридан-тўғри маҳсулот сотиб олади. Агар маҳсулот мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, унда нима учун уни бу ердан сотиб олмаслик керак? Пул ҳам мамлакатда қолади, ишлаб чиқарувчи учун ҳам буюртма бўлади. Дастлабки ғоя шундай бўлган. Лекин виждонсиз одамлар бу воситани ўз фойдасига айлантириб олишган. Олдиндан келишиб, чет элда сотиб олинган товарлар ушбу cooperation.uz электрон платформасига қўйилади ва бу ерда уларни тендерсиз сотиб олиш мумкин бўлади. Яъни, механизм яхши, лекин баъзан у бошқа мақсадлар учун ишлатилади.
– Ўтган йиллардаги кўрсаткичларига нисбатан давлат харидлари бузилиши масаласи бўйича уюшмага мурожаатлар сони ортиб бормоқдами ёки камаймоқдами? Сабаби нимада?
Камол Ниёзов: - Бу борада мурожаатлар сони фақат ўсиб бормоқда. Ҳар ойда камида битта исботли мурожаат келиб тушади. 10та харид жараёнларидан саккизтаси юқоридаги масалаларга боғлиқ. Тўғри, меъёрлар бор, жазо бор, лекин кўраяпмизки, бу тўсиқ бўлолмаяпти. Шунинг учун, давлат харидлари тизими барча томонларнинг фикрини инобатга олган ҳолда доимий равишда такомиллашиб бориши керак.
Дарвоқе, қонунчилик ҳақида гапирадиган бўлсак, давлат харидлари тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири 2018 йилда қабул қилинган. Унда кўп нарса тузатилди, янгиликлар киритилди. Бироқ, айрим эски муаммолар очиқлигича қолмоқда. Ҳужжат асосан буюртмачилари манфаатини инобатга олган ҳолда ёзилган ва етказиб берувчилариннг таклифларини ўзида акс этмаган.
- Давлат харидларини қайси идоралар назорат қилади? Бундай ҳолатларнинг аниқланиши назорат идоралари томонидан ўз ишини самарали бажармаётганидан далолат берадими?
Камол Ниёзов: - Давлат харидларини мониторинг қилиш бўйича ваколатли идоралар таркибига Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура киритилган. Бироқ менимча, уларнинг кучи ва кадрлар ресурслари етарли эмас.
- Харид қилиш тартибининг ҳалоллигига шубҳа туғилса, унинг иштирокчилари нима қилишлари керак?
Камол Ниёзов: - Ўзбекистонда давлат харидлари жараёнида ёки натижасида юзага келган низо ва вазиятларни ҳал этиш билан махсус комиссия шуғулланади. Бундан ташқари, битта мурожаат ёзиб, уни барча ваколатли идоралар: Молия вазирлиги, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, прокуратурага юбориш мумкин. Давлат харидлари иштирокчилари уюшмасига мурожаат қилса ҳам бўлади, биз маслаҳат беришга тайёрмиз.
Тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, масалалар ҳал этилмоқда, лекин афсуски, фақат 10тадан 2 та ҳолатда ижобий ечим топилади. Бундан чўчимаслик керак. Ўзгаришлар кичик бўлсада, лекин бор: Коррупцияга қарши агентлиги пайдо бўлди, етказиб берувчилар фаолроқ бўлишди, жамоатчилик онги ўсиб бормоқда, ОАВ текширишларни олиб боришга даъват этмоқда. Ҳар қалай, муаммо жойидан силжиди. Шунинг ўзи катта ютуқ.
– Давлат харидларидаги коррупцияни камайтириш, бу жараённи шаффоф ва рақобатбардош қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай чора кўриш керак? Уюшманинг мазкур муаммо бўйича бирор-бир аниқ таклифлари борми?
Камол Ниёзов: - Биринчидан, қонунчиликнинг айрим жиҳатларини аниқлаштиришни таклиф этамиз. Хусусан, қонунда маҳаллий ва импорт қилинадиган товарларни етказиб беришнинг аниқ муддатларини кўрсатиш зарур. Масалан, Қозоғистонда четдан товар етказиб бериш учун унинг тоифасига кўра 15-30 кун берилади. Маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун етказиб бериш муддатини 5-10 кун оралиғида белгилаш мумкин, бунинг иложи бор.
Бундан ташқари, кимошди савдоларида гаров суммаси масаласини қайта кўриб чиқиш зарур. Айни пайтда қуйидаги механизм амал қилмоқда: етказиб берувчи қанча паст нархни таклиф қилса, ҳисоб-клиринг палатаси (ҲКП)да музлатилиши керак бўлган шартнома қийматининг фоизи шунча юқори бўлади. Бу тартиб шартнома мажбуриятлари бажарилишининг кафолатидир. Буюртмачи ва етказиб берувчи шартноманинг умумий суммасидан келиб чиқиб, ўз маблағларининг бир қисмини музлатиб қўяди. Агар улардан бири шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, жабрланган томонга қоидабузарнинг пуллари олиб берилади.
Демак, музлатиш учун кимнинг бўш маблағи кўпроқ бўлса, у шартномани ютаркан. Мисол учун, мен бир маҳсулот учун пастроқ нарх таклиф қила оламан, лекин ҲКП гарови учун етарли маблағимга мувофиқ нархни кўрсатишга мажбурман. Ҳар бир компанияда хам бу учун катта маблағ йўқ. Ажабланарлиси шуки, дунёнинг ҳеч бир жойида бундай нарсага дуч келмаймиз, Ўзбекистон ўзидан ўзи шундай тизимни ўйлаб топган. Лекин бу ўйинлар нима учун керак? Таклиф этилган нархдан қатъий назар гаров фоизи ҳамма учун бир хил бўлсин. Дарвоқе, бу банди "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунга зид ҳисобланади, чунки унинг моддаларидан бирида тенглик тамойили қайд этилган, яъни барча иштирокчилар учун тенг шароит бўлиши керак. Бу ерда тизим етказиб берувчиларнинг манфаатларини яна ҳисобга олмаган.
Шунингдек биз учрашувлар ўтказиш, бир-бирига ҳужжатлар етказишни ўз ичига олади танлов ва тендерларни амалга оширишда конверт тизимини бекор қилишни таклиф этганмиз. Чунки бунда ғолиб инсон томонидан аниқланади. Инсон омили бор жойда доимо коррупция хавфи юқори бўлади. Бу жиҳат қонуннинг янги таҳририда кўрсатиб ўтилган. Ўзгартиришлар бир неча ойдан сўнг кучга киради. Кўрамиз, буларнинг барчаси аслида қандай ишларкан.
Уюшма бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини Молия вазирлигига юборган. Биза жавоб хати келиб тушиб, унда таклифларимиз яхши эканлиги ва янги қонунда инобатга олиниши ёзилган. Тўғри, маълум ўзгаришлар бор, лекин ҳали кўп ишлаш керак.
– Россияда ваколатли идоралардан ташқари давлат харидларининг ҳалоллигини фаол фуқаролар ҳам мониторинг қилиб боришади. Бюджет маблағлари қандай сарфланаётгани лоқайд бўлмаган кишилар томонидан кузатилади. Бу тажрибани қандай баҳолайсиз? Уни ўзимида жорий қилса бўладими?
Камол Ниёзов: - Умуман олганда, қонунимизда оддий фуқаролар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, рўйхатга олинган оммавий ахборот воситалари ва ННТлари томонидан давлат харидларини мониторинг қилиши кўзда тутилган. Уюшмамиз жамоатчилик назорати доирасида фаолият юритади. Биз ҳужжатларни сўраб олиш, уларни таҳлил қилиш ва қайдайдир номувофиқликлар аниқланадиган бўлса, тегишли идораларга юборишимиз мумкин. Бироқ, бутун бозорни қамраб олиш учун бизнинг ресурсларимиз етарли эмас Бир йилда тахминан икки миллионта лот қўйилади, барчасини текширишнинг мутлақо имкони йўқ.
Агар фаолларни жалб қилсак, эҳтимол уларга ҳақ тўлаш керакдир. Хариднинг ҳалоллигини текшириш учун сафарга бориш (баъзан бошқа вилоятга) керак, бу учун вақт ва харажат талаб этилади. Бундай катта ҳажмдаги ишларни жамоатчилик асосида амалга ошириш самара бермайди, деб ўйлайман.
Шунинг учун, виждонсиз одамларга ноқонуний битим тузиш имкониятини бермаслик мақсадида, аввало, барча нозик масалаларни қонунда кўрсатиб ўтиш керак. Албатта, назоратни кучайтириш, масалан, Коррупцияга қарши кураш агентлигига буларнинг барчасини мониторинг қила оладиган ва махсус ўқитилган тезкор ходимларни ажратиш керакдир. Коррупциянинг мавжуд хавфларини имкон қадар чеклайдиган, бозорни жамоатчилик назорати орқали тартибга солишни мустаҳкамлайдиган тизим қуриш лозим. Бунинг албатта натижаси бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас