Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари учун FIFAнинг минтақавий офиси очилади.
Тегишли қарор президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Ҳужжатда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришнинг устувор йўналишлари, жумладан, замонавий инфратузилмани яратиш, иштирокчилар ва мухлислар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини ошириш кабилар белгиланган.
FIFAнинг минтақавий офиси Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида бепул асосда жойлаштирилади. Уни сақлаш бўйича асосий харажатлар FIFA томонидан қопланади, етишмаётган қисми Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, бироқ умумий харажатларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қопланади. Офисни таъмирлаш ва жиҳозлаш Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Жаҳон чемпионатини ўтказиш тўғрисидаги қарор FIFA Кенгаши томонидан жорий йилнинг 2 октябрь куни қабул қилинган. Тайёргарликни мувофиқлаштириш учун Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Ташкилий қўмита тузилди. Ташкилий қўмита стадионлар ва ўқув-машғулот базаларини модернизация қилиш, объектларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, виза расмийлаштириш, транспорт, тиббиёт ва волонтёрлик масалалари билан шуғулланади.
Транспорт вазирлигига "Тошкент - Янги Тошкент" йўналишида алоҳида автобус қатновларини йўлга қўйиш, аккредитациядан ўтган иштирокчилар ва томошабинларни жамоат транспортида бепул юришини таъминлаш вазифаси қўйилди. Энергетика вазирлиги чемпионат объектларини узлуксиз ва муқобил электр энергияси билан таъминлашни кафолатлаши керак.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси қурилаётган "Янги Тошкент" марказий футбол стадионининг FIFA ва Осиё конфедерацияси талабларига мувофиқлигини назорат қилади, шунингдек, расмий тўп, турнир логотипи ва маскотининг тақдимоти, Жаҳон кубогини намойиш этиш маршрутини ташкил этади. 2026 йил 1 январга қадар чемпионатга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича маҳаллий ишчи гуруҳ тузилиши керак.
Миллий телерадиокомпания ва ахборот агентлиги ўйинлар трансляциясини таъминлайди, медиа-режа ишлаб чиқади ҳамда чемпионатни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритади. Турнирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш 2026-2027 йилларга мўлжалланган бюджетда кўзда тутилган.
Қарор ижросини ташкил этиш ва ижро учун масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири, футбол ассоциацияси раиси ва Тошкент шаҳар ҳокими белгиланган бўлиб, умумий назоратни Бош вазир ва президентнинг спорт бўйича вакили амалга оширади.
Эслатиб ўтамизки, 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига чипталарни сотиш босқичи - рандом деб аталадиган танлов бошланган бўлиб, унда чипталар тасодифий қуръа ташлаш орқали тақсимланади.

Изоҳлар мавжуд емас