Инновация: Ўзбекистонлик олимлар тутунсиз ва мазутсиз иситадиган "ақлли" иссиқхона технологиясини яратди
Технологиялар

Инновация: Ўзбекистонлик олимлар тутунсиз ва мазутсиз иситадиган "ақлли" иссиқхона технологиясини яратди

95

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Фанлар академияси ва Материалшунослик институти олимлари қуёш нурини “ақлли” иссиқликка айлантирувчи нанокомпозит плёнкани намойиш этди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу инновацион материал иссиқхоналарда ҳароратни барқарор сақлаб туришга, энергия сарфини камайтиришга ва атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндилар ҳажмини кескин қисқартиришга хизмат қилади.

Расмий маълумотларга кўра, иссиқлик ва электр энергияси сектори, шу жумладан иссиқхоналар, ҳавога чиқариладиган PM 2,5 чиқиндиларининг тахминан 28% ини ҳосил қилади. 2019 йилдан 2024 йилгача кўмир ишлатиш 3,9 миллион тоннадан 11,5 миллион тоннага ошгани, мазут ишлатиш эса 446 минг тоннадан 749 минг тоннага ўсгани иссиқхоналарнинг экологияга салбий таъсирини кўрсатади.

Материалшунослик институти яратган нанокомпозит заррачалар иссиқхона плёнкаларига мўлжалланган бўлиб, улар қуёш нурини тўғридан-тўғри "ақлли" иссиқликка айлантиради ва иссиқхона ичидаги ҳароратни автоматик равишда тартибга солишга ёрдам беради.

Тадқиқотларга кўра, янги нанокомпозит плёнкалар қиш фаслида ҳам юқори самара кўрсатади. Масалан, ташқи ҳарорат –7°C бўлган шароитда иссиқхона ичида +5…+7°C барқарор ҳарорат сақланади. Солиштириш учун, оддий плёнка қўлланилганда бу кўрсаткич одатда 0…+2°C атрофида бўлади.

Мутахассислар айтишича, бундай самарадорлик қўшимча иситишга бўлган эҳтиёжни 60–80% гача камайтиради. Энг муҳим жиҳати — ёқилғи (газ, кўмир, мазут) деярли ишлатилмайди, шу боис атмосферага зарарли газлар чиқмайди.

Кучайтирилган инфрақизил нур оқими туфайли фотосинтез жараёни тезлашади. Бу эса ҳосилдорликни 35–50% га ошириш, ўсимликлар ўсиш суръатини эса 1,5–2 баробар тезлаштириш имконини беради.

Суғориш учун сарфланадиган сув миқдори 30% га, агар гидрогеллар қўлланилса, ҳатто 90% гача камаяди.

Шу билан бирга, янги плёнкаларнинг мустаҳкамлиги тахминан уч баравар юқори. Бу эса иссиқхоналарда ишлатиладиган пластик чиқиндилар ҳажмини кескин қисқартиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Сирожиддин Мирзаевнинг таъкидлашича, бу технология мамлакатга экологик муаммоларни ҳал этиш билан бирга, экологик инновацион аграр технологиялар бўйича дунёга илғор ечимлар таклиф қилиш имконини ҳам беради.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...