Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг ташқи қарзи рекордни янгилади ва тарихда биринчи марта 37 триллион долларга етди. Буни мамлакат Молия вазирлиги маълумотлари кўрсатмоқда. Рақамга кутилганидан анча олдин эришилди. Ковиддан олдинги прогнозларда бу даражага фақат 2030 йилдан кейин эришиш башорат қилинган эди.
Қарзнинг ҳозирги тузилиши қуйидагича:
29,6 трлн доллар - жамоатчилик (хусусий ва институтционал инвесторлар) қўлидаги қарз;
7,4 триллион доллар - давлат ички мажбуриятлари (яъни ҳукумат ичидаги турли органлар ва жамғармалар ўртасида).
АҚШ Конгрессининг Бирлашган иқтисодий қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги ўртача кунлик ўсиш суръатида қарз тахминан 2026 йилнинг февралига қадар яна 1 триллион долларга ошади.
Номинал кўринишда Америка давлат қарзи дунёдаги энг катта қарз ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида Илон Маск рекорд даражадаги давлат қарзи туфайли АҚШнинг банкрот бўлиши мумкинлигини эълон қилган эди. Мамлакатнинг қарз олиш ҳажми ўша пайтда 36 триллион доллардан ошган.

Изоҳлар мавжуд емас