Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти хорижлик талабалар, маданий алмашинув дастури иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун виза муддатини қисқартириш ҳамда назоратни кучайтириш тўғрисидаги янги қоидани эълон қилди. Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) томонидан тақдим этилган мазкур тартиб халқаро виза тизимида ярим асрдан бери амал қилиб келган ва виза эгаларига дастур тугагунга қадар мамлакатда қолиш имконини берган қоидаларни бекор қилиб, улар учун аниқ ва қатъий чекланган муддатларни белгилайди.
Жорий йилнинг 16 июль куни эълон қилинган ушбу қоида Федерал реестрда расман чоп этилганидан 60 кун ўтиб кучга кириши кутилмоқда. Янги чекловлар АҚШда таҳсил олаётган ва ишлаётган хорижликлар учун жиддий сиёсий ва маъмурий тўсиқларни юзага келтириши баробарида, Трамп маъмурияти 2025 йил январида бошқарувга келганидан бери амалга ошираётган қатъий иммиграция сиёсатининг навбатдаги босқичи ҳисобланади.
Янги тартибга кўра, F (талаба) ва J (маданий алмашинув дастури) визалари эгаларининг АҚШда бўлиш муддати таълим ёки дастур ҳажмидан қатъи назар, энг кўпи билан 4 йил қилиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, илгари йиллар давомида узайтирилиши мумкин бўлган журналистларнинг I тоифали визалари муддати хорижий ОАВ ходимлари учун 240 кунгача, Хитой фуқаролари учун эса атиги 90 кунгача қисқартирилади.
Бундан ташқари, талабаларга ўқишни тамомлагандан сўнг мамлакатни тарк этиш ёки иш топиш учун бериладиган имтиёзли давр 60 кундан 30 кунгача қисқартирилмоқда. Шунингдек, халқаро магистрант ва докторантларга АҚШда таълим йўналишини ўзгартириш ёки рухсатсиз бошқа олийгоҳга ўқишини кўчириш ҳам қатъиян тақиқланади.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги мазкур қарорни миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва виза тизимидаги суиистеъмолликларнинг олдини олиш, айниқса хорижликларнинг виза муддатларини сунъий равишда чўзиб, ўн йиллаб АҚШда қолиб кетиш ҳолатларига чек қўйиш билан изоҳламоқда. Маълумотларга кўра, 2024 йилда АҚШга талабалик визаси билан киришлар сони 1,8 миллиондан ошиб, ўтган йилга нисбатан 11 фоизга ўсган.
Бироқ, бу чекловлар Америка таълим муассасалари ва мустақил экспертлар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Хусусан, Като институти Иммиграция тадқиқотлари директори Дэвид Бир ва собиқ давлат расмийлари ушбу қарор мамлакатга кучли кадрлар оқимини чеклаб қўйишини ҳамда докторлик (PhD) даражасини олиш учун узоқ йиллар сарфлайдиган STEM соҳаси талабаларига жиддий зарба бўлишини таъкидламоқда. Янги тартиб кучга киргач, белгиланган муддатдан ортиқ қолмоқчи бўлган ҳар бир хорижлик виза муддатини узайтириш учун Ички хавфсизлик вазирлигига алоҳида ариза топшириши ёки мамлакатдан чиқиб, қайта кириши лозим бўлади.
Олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Green Card лотереясида рўйхатдан ўтиш учун 1 доллар миқдорида тўлов жорий қилганди. Янги қоида 16 сентябрдан кучга кирган. Ютуқ учун виза йиғимининг ўзи ўзгаришсиз қолан эди.

Изоҳлар мавжуд емас