Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият янги босқичга ўтди. Ҳўрмуз бўғозида АҚШнинг ҳарбий Apache вертолёти уриб туширилганидан сўнг томонлар ўзаро ҳарбий зарбалар алмашди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, 9 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да Эрон ҳудудидаги бир қатор ҳарбий нишонларга ҳаво зарбалари берилган. АҚШ томони бу ҳаракатни ҳўрмуз бўғози устида парвоз қилаётган ҳарбий вертолётнинг уриб туширилишига нисбатан "мутаносиб жавоб чораси" сифатида баҳолаган.
Маълумотларга кўра, вертолёт ҳодисасида иштирок этган икки нафар учувчи қутқариб олинган. АҚШ расмийлари вертолётга ҳужум дрон ёрдамида амалга оширилганини билдирган бўлса-да, Эрон ушбу ҳодиса учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган.
АҚШ ҳарбийлари томонидан берилган маълумотга кўра, зарбалар асосан Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган ҳаво мудофааси тизимлари, радарлар, кузатув ва бошқарув объектларига қаратилган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса АҚШ ҳужумларига жавобан минтақадаги Америка ҳарбий объектларига қарши операция бошланганини маълум қилган. Корпус баёнотида Баҳрайн ва Иорданиядаги АҚШ базалари томон ракета ва учувчисиз аппаратлар йўллангани қайд этилган.
Баҳрайн расмийлари мамлакат ҳудудида ҳаво ҳужуми хавфи бўйича огоҳлантириш берилганини ва ҳужумларни қайтариш чоралари кўрилганини маълум қилган. Айни пайтда АҚШ томони ўз ҳарбий объектларига етказилган эҳтимолий зарар юзасидан расмий маълумот бермаган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ўз баёнотида мамлакат ҳар қандай ҳужум ёки таҳдидга жавоб қайтаришини таъкидлаган. У хорижий ҳарбий кучларни минтақадаги беқарорликнинг асосий омилларидан бири деб атаб, уларни минтақа ҳудудини тарк этишга чақирган.
Кескинлик кучайиши фонида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам баёнот бериб, мамлакат ўз ҳарбий хизматчиларига қарши қилинган ҳужумни жавобсиз қолдирмаслигини айтган. Шу билан бирга, у Вашингтон ва Теҳрон ўртасида давом этаётган музокаралар яқин кунларда ижобий натижа бериши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.
Сўнгги воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштириши мумкин. Халқаро кузатувчилар минтақадаги вазиятни диққат билан кузатмоқда. Ҳўрмуз бўғози жаҳон нефть савдосининг муҳим йўлакларидан бири ҳисобланади ва у ердаги ҳар қандай ҳарбий можаро глобал иқтисодиёт ҳамда энергетика бозорларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда томонлардан келаётган маълумотлар текширилмоқда ва вазият бўйича янги расмий баёнотлар кутилаётгани билдирилмоқда.
Олдинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокараларда яқин икки ҳафта ичида "тўлиқ натижа"га эришилиши мумкинлигини билдирганди. Унинг таъкидлашича, Эрон томони билан музокаралар давом этмоқда ва улар жуда яхши келишув тузишга тайёр эканини билдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас