Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайди. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, ўтган тун Эрон ҳудудидаги бир қатор нишонларга янги ҳаво зарбалари берилган. Эрон ОАВлари хабар беришича, порт шаҳри Бандар Аббос, Сирик, Кешм ва Ҳагам ороли ҳудудларида портлашлар кузатилган.
Айрим маълумотларга кўра, зарбалар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радиолокация станциялари ва учувчисиз қурилмаларни бошқариш марказларига қаратилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп операция давомида Эрон ҳудудига 49 та Tomahawk қанотли ракета учирилганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳужумларда Исроил иштирок этмаган.
Жавоб тариқасида Эрон Қуролли кучлари вакиллари Баҳрайнда жойлашган АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг 5-флоти объектларига дронлар билан зарба берилганини билдирган. Шунингдек, Эрон манбалари Яқин Шарқдаги 18 та Америка объекти нишонга олинганини маълум қилмоқда.
Бундан ташқари, Теҳрон стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозини барча кемалар ҳаракати учун ёпганини эълон қилган. Эрон ҳарбийлари баёнотига кўра, нефт танкерлари ва савдо кемалари ҳам мазкур ҳудуд орқали ҳаракатлана олмайди.
Эрон томони "ҳудуддаги ҳар қандай ҳаракат нишонга олиниши мумкин"лигини маълум қилган.
Айни пайтда мазкур маълумотларнинг айрим жиҳатлари мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган. Вазият тез ўзгармоқда ва халқаро ҳамжамият томонидан яқиндан кузатилмоқда

Изоҳлар мавжуд емас