Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бирлашган Миллатлар ташкилоти Афғонистонда аёлларнинг деярли 50 фоизи ойига атиги бир ёки икки марта уйдан ташқарига чиқиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. "Толибон" ҳокимиятга келганидан бери аёллар ва қизларга қарши 100 дан ортиқ фармон чиқариб, уларнинг эркинликларини тизимли равишда чеклаб келмоқда.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Афғонистон ҳозирда қизларнинг ўрта ва олий таълим олиши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Сўровда қатнашган аёлларнинг деярли учдан тўрт қисми маҳрамсиз кўчага чиқишни хавфли деб ҳисоблайди, 70 фоизи эса ўз руҳий ҳолатини ёмон ёки жуда ёмон деб баҳолаган. Бундан ташқари, меҳнат бозорида эркакларнинг 84 фоизи банд бўлгани ҳолда, аёлларнинг атиги 7 фоизи ишлайди.
Ўз навбатида, "Толибон" вакиллари аёлларнинг кўчага чиқишга қўрқаётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари Ислом шариати ва маҳаллий анъаналарга мос равишда таъминланаётганини билдирмоқда.
Олдинроқ Афғонистонда 2,4 миллионга яқин қиз ўрта мактабда таълим олиш имконидан маҳрум бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 200 мингга ошганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас