Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сербия президенти Александр Вучич 2026 йил 25 октябрга белгиланган муддатидан илгари парламент сайловларида Бош вазир лавозими учун курашиш ҳамда мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайловларига йўл очиш мақсадида расман истеъфога чиққанини эълон қилди.
Давлат раҳбари сифатида иккинчи муддатини ўтаётган Вучич мамлакат Асосий қонунига мувофиқ учинчи бор президентликка номзодини қўя олмайди. Шу сабабли ҳукмрон Сербия тараққиёт партияси (SNS) уни ижро этувчи ҳокимият раҳбари — Бош вазирлик лавозимига номзод сифатида илгари сурмоқда.
Александр Вучичнинг президентлик ваколат муддати аслида 2027 йил май ойида якунланиши керак эди. Истеъфо қарори мамлакатда бир неча ойдан бери давом этаётган сиёсий инқироз ва талабалар бошчилигидаги оммавий намойишлар манзарасида қабул қилинган.
Таҳлилчилар ва халқаро кузатувчиларнинг қайд этишича, Вучичнинг муддатидан олдин лавозимини тарк этиши ҳукмрон партиянинг парламентдаги позициясини мустаҳкамлаш, сиёсий ташаббусни ўз қўлида сақлаб қолиш ҳамда ҳокимият реакциясини қайта тиклашга қаратилган стратегик юришдир.
Сербия Конституцияси талабларига кўра, президент истеъфога чиққандан сўнг уч ой муддат ичида — 2026 йил декабрь ойи охирига қадар навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилиши лозим. Янги сайланган давлат раҳбари қасамёд келтиргунига қадар Миллий Ассамблея спикери Ана Брнабич президент вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритади.
Вучич ўз мурожаатида сиёсий кескинликни юмшатиш ва жамиятда муросага эришиш мақсадида намойишларда иштирок этган 49 нафар фаолга нисбатан афв эълон қилганини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, шу ой Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилганди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич 8 сентябрь куни Белградда бўлиб ўтган музокаралар якунида тегишли Қўшма декларацияни имзолагандилар.

Изоҳлар мавжуд емас