Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бишкек шаҳар суди 10 сентябрь куни "75 лар хати" иши бўйича судланувчилар, жумладан, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевга нисбатан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқди ва айблов моддасини ўзгартирди.
Суд қарорига кўра, судланувчиларга нисбатан илгари қўйилган "ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш" моддаси олиб ташланиб, у адолатлироқ бўлган "сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш" моддасига алмаштирилган. Янги модда бўйича чиқарилган ҳукмда мол-мулкни мусодара қилиш назарда тутилмаган. Барча судланувчиларга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, бироқ суд уларга нисбатан 2 йиллик пробация назоратини қўллаб, жазони ўташдан озод этган.
Мудҳиш сиёсий можаро шу йилнинг февраль ойида бошланган эди. Ўшанда 75 нафар фуқаро Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамда Жогорку Кенеш раисига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб расмий мурожаат йўллаган. Кейинчалик мурожаат муаллифлари қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва ушбу воқеа ортидан Қамчибек Ташиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди. Президент Садир Жапаров ўша вақтда ўз дўсти ва сафдоши бўлган Ташиевнинг мазкур мактубга алоқадорлик даражасига тергов ва суд жараёнида холис баҳо берилишини маълум қилганди.
Иш бўйича биринчи ҳукм 2 июль куни Бишкек суди томонидан чиқарилган бўлиб, унда Ташиев ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишда айбдор деб топилган ва унга 3 йиллик пробация назорати билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Апелляция инстанциясининг сўнгги қарори билан айблов енгиллаштирилиб, пробация муддати ҳам 2 йилгача қисқартирилди.

Изоҳлар мавжуд емас