Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олимлар COVID-19 га қарши эмлаш ёки касалликдан кейин шаклланган иммунитетдан фойдаланувчи PROTEXI номли экспериментал вакцинани ишлаб чиқишди. Янги технология коронавируснинг спайк-оқсили орқали организмнинг иммун ҳужайраларини саратон ҳужайралари ва ўсмаларига қарши йўналтиришга хизмат қилиши айтилмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, анъанавий саратон вакциналари асосан T-киллер ҳужайраларини фаоллаштирса, PROTEXI T-ҳелпер ҳужайраларини ҳам жалб қилиб, иммун тизимининг комплекс жавобини шакллантиради.
Лаборатория тадқиқотлари давомида меланома ва кўкрак бези саратонига чалинган сичқонларда ўтказилган тажрибалар янги вакцина ўсмалар ўсишини сезиларли даражада секинлаштиргани ҳамда жониворларнинг яшаб қолиш кўрсаткичларини оширганини кўрсатган.
Олимларнинг таъкидлашича, COVID-19 га қарши эмланган донорларнинг иммун ҳужайралари кўчириб ўтказилган сичқонларда спайк-оқсилга нисбатан иммун жавоб вакцина қилинмаган ҳолатга қараганда 3–4 баравар кучлироқ бўлган.
Тадқиқот муаллифлари кейинги босқичда технологияни одамларда синаб кўришни режалаштирмоқда. Илк клиник синовлар саркомага чалинган беморлар иштирокида ўтказилиши кўзда тутилган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда болаларнинг COVID-19 билан ғайриоддий оммавий касалланиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Изоҳлар мавжуд емас