Загрузка
Загрузка
UEFA FIFA мусобақаларини бойкот қилишга тайёрланмоқда
Спорт

UEFA FIFA мусобақаларини бойкот қилишга тайёрланмоқда

11
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) FIFAнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларнинг тижорий ҳуқуқларини хусусий инвесторларга қисман сотиш режаси амалга оширилса, FIFA томонидан ташкил этиладиган барча турнирларни бойкот қилишга тайёрлигини маълум қилди. 

Маълум қилинишича, 30 июль куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда UEFAга аъзо барча 55 миллий ассоциация ушбу масала бўйича якдил қарор қабул қилган. Ташкилот расмий баёнотида FIFAнинг таклифи "бир овоздан ва қатъий равишда рад этилгани" қайд этилган.

Гап FIFA президенти Жанни Инфантино илгари сурган янги тижорий ташаббус ҳақида кетмоқда. Унга кўра, FIFA World Cup ва бошқа мусобақаларнинг медиа ҳамда тижорий ҳуқуқларини бошқарувчи FIFA Forward Enterprises компанияси акцияларининг тахминан 20 фоизини хусусий инвесторларга сотиш режалаштирилган. Бу орқали ташкилот 4,2 миллиард доллар жалб қилишни мақсад қилган. 

UEFA бундай қадам футбол бошқарувига ташқи инвесторлар таъсирини кучайтириши, келажакда Жаҳон чемпионати тақвими, формати ва бошқа муҳим қарорлар спорт манфаатларидан кўра инвесторларнинг молиявий манфаатлари асосида қабул қилинишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган. 

Ташкилот баёнотига кўра, агар мазкур режа бекор қилинмаса ва FIFA келгусида ўз мусобақалари ҳамда бошқарувини хусусий мулкка бермаслиги юзасидан ҳуқуқий кафолат тақдим этмаса, UEFAга аъзо мамлакатлар FIFAнинг ҳеч бир мусобақасида иштирок этмайди. Бу қарор катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати билан бирга аёллар ва ёшлар ўртасидаги барча FIFA турнирларига ҳам тааллуқли. 

Шунингдек, Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб денгизи мамлакатлари футбол конфедерацияси (CONCACAF) ҳам FIFA таклифини рад этган. Бироқ ушбу конфедерация ҳозирча бойкот эълон қилмаган. Ундаги қатор миллий федерациялар ҳам FIFA раҳбарияти ташаббуси бўйича жиддий хавотирларини билдирган. 

Энди UEFA FIFAга расмий мактуб йўллаб, хусусийлаштириш режасидан воз кечишни талаб қилиши кутилмоқда. Агар томонлар муросага келмаса, бу қарор жаҳон футболида сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик институционал инқирозлардан бирига айланиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати старт олишидан аввал ҳам геосиёсий кескинликлар, виза чекловлари, чипталар нархининг ҳаддан ташқари қимматлиги ва экологик муаммолар сабабли кескин танқидлар марказида қолганди. Экспертлар ФИФА раҳбариятини сиёсий бетарафлик принципларини бузишда ва футболни оддий мухлислар учун очиқ бўлмаган тижорий шоуга айлантиришда айблаган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...