Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Flydubai авиакомпаниясининг Дубайдан Тел-Авивга йўл олган самолёти учувчилар ўртасида ҳавода юзага келган жанжалдан сўнг йўналишини ўзгартириб, Саудия Арабистонига қўнди. Ҳодиса самолёт олиб қочилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотган, чунки экипаж фавқулодда ҳолат ва ноқонуний аралашувни билдирувчи сигналларни узатган.
FZ1073 рейсида 100 нафардан ортиқ исроиллик йўловчи бўлган. Самолёт дастлаб умумий фавқулодда ҳолатни билдирувчи 7700 сигналини, кейин эса самолёт бошқарувига ноқонуний аралашувдан далолат берувчи 7500 кодини узатган. Кейинчалик сигнал яна 7700 кодга ўзгартирилган.
Воқеа пайтида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари эҳтимолий фавқулодда вазиятга тайёргарлик кўриш учун қирувчи самолётларни ҳавога кўтарган. Исроил ҳаво ҳудуди ҳам вақтинча ёпилган ва самолёт Саудия Арабистонига қўнгандан кейин қайта очилган.
Самолёт Саудия Арабистонидаги Амир Султон бин Абдулазиз аэропортига, яъни Табук аэропортига қўнгани хабар қилинган.
Кейинроқ Исроил расмийлари ва мудофаа соҳасидаги манбалар воқеа олиб қочиш билан боғлиқ бўлмаганини билдирган. Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда сигналга самолёт учувчилари ўртасидаги жанжал сабаб бўлган.
Ҳодиса юзасидан самолёт экипажини сўроқ қилиш ва ҳаво кемасини текшириш режалаштирилган. Flydubai йўловчиларни Саудия Арабистонидан Тел-Авивга олиб келиш учун бошқа самолёт юбориши кутилмоқда.
Воқеа бўйича текширув давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас