Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарий ўз мақоласида Рамазон ойида бошланган урушнинг 40 куни давомида АҚШ ва Исроил томонидан Эрон халқига қарши олиб борилган кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар, уларнинг тинч аҳоли, ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмага етказган зарарлари ҳамда Эрон жамиятининг ушбу таҳдидларга нисбатан кўрсатган муносабатини атрофлича таҳлил қилди.
Элчининг таъкидлашича, мазкур ҳарбий ҳаракатлар фақатгина давлат ёки ҳарбий тузилмаларга қарши эмас, балки аҳоли, ҳаётий аҳамиятга эга инфратузилмалар, инсон хавфсизлиги ва Эрон жамиятининг кундалик ҳаётига қарши йўналтирилган кенг қамровли уруш тусини олган. 40 кунлик ҳужумлар оқибатида 40 минг нафар Эрон ва чет эл фуқаролари жароҳатланган. Энг ачинарлиси, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари кўпчиликни ташкил этиб, 897 нафар аёл ва бола ҳаётдан кўз юмди; уларнинг 383 нафари вояга етмаган болалардир.
Шунингдек, вайронкор ҳужумлар оқибатида 123 минг 647 та турар-жой биноси жиддий зарар кўрди ёки бутунлай вайрон бўлди. Бу рақамлар зарарларнинг катта қисми бевосита уйлар, оилалар ва оддий халқ ҳаётига тегишли эканини кўрсатади.
Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенцияларига кўра, дахлсиз ҳисобланиши лозим бўлган таълим ва маданият муассасалари ҳам кучли ҳужумларга учраган. Мавжуд статистикага кўра, 993 та мактаб ва ўқув маркази, 32 та олий ўқув юрти ҳамда илмий муассаса, 22 та кутубхона ва 12 та оммавий ахборот воситалари бинолари вайрон қилинган.
Бундан ташқари, 3 та радио ва телевидение техник маркази нишонга олинган. Элчи таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларига ҳужум қилишни фақатгина биноларни вайрон қилиш эмас, балки миллатнинг илмий келажагига, ахборот оқимига, маданий хотирасига ва мамлакатнинг ижтимоий ривожига қилинган тажовуз сифатида баҳолайди.
Соғлиқни сақлаш ҳамда қутқарув ва тезкор ёрдам кўрсатиш соҳаси ҳам бу ҳужумлардан омон қолмаган. Статистикага кўра, 350 та соғлиқни сақлаш, даволаш ва тез ёрдам маркази зарар кўрган, 49 та тез ёрдам машинаси, 3 та тез ёрдам вертолёти ва 8 та мобил операцион автомобиль нишонга олинган. Шунингдек, Қизил Ярим Ой жамияти ва қутқарув хизматларига тегишли 56 та марказ зарар кўрган.
Бу ҳужумлар натижасида Қизил Ярим Ой жамияти қутқарувчиларидан 4 нафари ҳалок бўлган ва 61 нафари яраланган, бундан ташқари 36 нафар тиббий ходим ҳалок бўлган ва 118 нафари яраланган. Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг тан олинган принципларига кўра, бу муассасалар ва ходимлар махсус ҳимоя остида бўлиши керак ва уларга ҳужум қилиш уруш ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.
Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини заифлаштириш ва миллионлаб фуқароларнинг кундалик ҳаётига босим ўтказиш мақсадида стратегик инфратузилма объектлари мунтазам равишда нишонга олинган. 15 та энергетика инфратузилмаси маркази, 27 та сув ва электр таъминоти инфратузилмаси объекти, 5 та нефткимё иншооти, 25 та порт ва кема ташуви инфратузилмаси ҳамда 58 та транспорт инфратузилмаси иншооти зарар кўрган.
Шунингдек, аэропортларга 50 марта ҳужум амалга оширилган бўлиб, 5 та йўловчи ва юкларни авиаташиш маркази нишонга олинган. Урушнинг аҳоли турмуш даражаси ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таъсири кенг кўламли бўлиб, 24 450 та хўжалик субъекти ва 7 та қишлоқ хўжалиги омбори зарар кўрган. Иқтисодий ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаларидан ташқари, халқнинг тарихий ва диний ўзлигига зарба бериш мақсадида 149 та тарихий ёдгорлик (улардан 8 таси ўта жиддий тарзда), 11 та диний муассаса, 42 та дам олиш маскани ва 9 та спорт иншооти нишонга олинган.
Ушбу 40 кунлик урушнинг энг муҳим воқеаларидан бири Эрон жамиятининг бу босимларга реакцияси бўлган. Айрим хорижий доираларнинг ижтимоий парокандалик, ички беқарорлик ёки халқнинг ҳукуматдан узоқлашиши тўғрисидаги тасаввурларига хилоф равишда, Эрон жамияти кўп соҳаларда янада кучлироқ жипслик кўрсатган. Инфратузилмалар ва турар-жойларга кенг кўламли ҳужумларга қарамасдан нафақат мамлакатдан одамларнинг оммавий чиқиб кетиши кузатилмаган, балки уруш давомида илгари хорижга чиқиб кетган эронликлардан тахминан 900 минг киши оилаларига ёрдам бериш ва оғир вазиятда мамлакат билан бирга бўлиш учун Эронга қайтган.
Шунингдек, 350 та тиббиёт муассасаси ва ўнлаб тез ёрдам машиналари зарар кўрганига, тиббиёт ва қутқарув ходимларидан бир қисми ҳалок бўлганига қарамасдан тезкор ёрдам ва қутқарув хизматларини кўрсатиш жараёни тўхтамаган, аксинча, тиббий ходимлар, ҳамширалар, қутқарувчилар ва турли аҳоли қатламларининг ихтиёрий равишда ёрдам жараёнларида кенг иштирок этиши кузатилган.
Ушбу 40 кунлик уруш тажрибаси ҳарбий босим, ижтимоий инфратузилмаларни вайрон қилиш ва қасддан гуманитар инқироз яратиш ҳар доим ҳам уруш бошловчиларнинг сиёсий мақсадларини амалга оширмаслигини, аксинча, ташқи таҳдид миллий ўзликнинг ва миллий бирдамликнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлишини кўрсатган.
Эрон Ислом Республикаси минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка уруш, босим ва вайрон қилиш йўли билан эришилмаслигини, максимал босимга таянган сиёсат фақат гуманитар инқирозларни кенгайтиришини доимо таъкидлаб келган. Дипломатнинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари Эронни инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб келаётган бир пайтда, уйлар, мактаблар, шифохоналар ва болаларнинг нишонга олингани аслида АҚШ, Исроил ва Ғарбнинг ўзлари низолардан баҳона сифатида фойдаланиб, инсон қадр-қиммати ва халқаро тартиб келажагига зарба бераётганини очиқлаб қўйган.

Изоҳлар мавжуд емас