Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийдан ноқонуний тарзда сайлов кампанияси учун маблағ олганликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. У шу тариқа Франция тарихида қамоққа кирган илк собиқ президент бўлди.
Саркози Парижда жойлашган La Santé қамоқхонасига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, собиқ президент хавфсизлиги юксак даражада таъминланган 9 квадрат метрлик махсус изолятор камерасида сақланади. Ушбу чора унинг собиқ давлат раҳбари сифатидаги мақоми ва эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда кўрилган.
70 ёшли сиёсатчи қамоққа кетар чоғида ижтимоий тармоқларда "Мен ишонаман, ҳақиқат ғалаба қилади, аммо бунинг нархи жуда оғир бўлади", — деб ёзди. У ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, "Бугун эрталаб улар собиқ президентни эмас, балки бегуноҳ инсонни қамашмоқда", — деди.
Унинг тарафдорлари Париждаги уйидан чиқишида уни олқишлар билан кузатишди. Рафиқаси Карла Бруни-Саркози ҳам унинг ёнида эди.
Саркозининг икки яқин ҳамкори — Брис Ортефё ва Клод Геан — Ливия разведкаси билан махфий учрашувларда иштирок этганликда айбланиб, биргаликда судланган. Уларнинг 2007-йилги сайлов кампанияси учун миллионлаб евро Ливия орқали молиялаштирилгани аниқланган.
Гарчи у апелляция шикояти берган бўлса-да, суд "жиноятнинг ўта оғирлиги" сабабли жазони ҳозирданоқ ижро этиш зарурлигини таъкидлади.
Президент Эммануел Макрон собиқ президентни "инсонийлик нуқтаи назаридан қабул қилиш табиий"лигини билдирди. Адлия вазири Жералд Дарманен эса Саркозй ҳолатини жойида ўрганиш учун уни қамоқда зиёрат қилишини маълум қилди.
Саркози ўз билан икки китоб олиб кетди: Жан-Кристиан Петитфилснинг "Исо ҳаёти" ва Александр Дюмаининг "Граф Монте-Кристо" — адолатсиз қамалган инсон ҳақидаги роман.

Изоҳлар мавжуд емас