Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Сўнгги пайтларда яна авж олган H3N2 штамми — шунингдек "Гонгконг гриппи" деб ҳам аталади — Япония, Канада, Буюк Британия ва ҳатто Қозоғистонда ҳам кучли эпидемик тўлқинга сабаб бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вируснинг шимолий яримшарда тез суръатда тарқалаётганини таъкидламоқда.
Глазго университети мутахассислари вирусда 7 та янги мутацияни аниқлаган. Бу мутациялар H3N2 штаммининг бу йилги вакциналарга сезувчанлигини камайтириши мумкин.
Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Джеймс Маккей:
"Британия қишга киряпти ва бу энг қийин қиш бўлиши мумкин, чунки грипп ҳолатлари ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан уч бараобар кўп", — деб огоҳлантирган.
Канадада ҳам вазият оғирлашиб бормоқда. Саскачеван университети вирусологи Анжела Расмуссеннинг таъкидлашича, H3N2 одатда кексалар учун энг хавфли штамм ҳисобланади.
Nippon TV маълумотларига кўра, 4 ноябрга қадар Токио бўйлаб грипп ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан олти баробарга ошган. Мамлакат бўйлаб 2300 дан ортиқ боғча ва мактаблар қисман ёпилган.
"Бу яхши аломат эмас", - деди Расмуссен.
Қозоғистонда А типидаги грипп (H3N2) билан касалланиш ҳолатлари Ақтобеда қайд этилган. 12 ноябрь ҳолатига кўра, лабораторияда 11 та ҳолатда Гонгконг гриппи тасдиқланган.
Маҳаллий аҳолидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда кўплаб одамлар, айниқса болалар касал ва касаллик оғир кечмоқда. Уларда 38 даражадан юқори иситма, йўтал ва кучли ҳолсизлик кузатилмоқда.
Ақтобе вилояти Санитария ва эпидемиология назорати департаменти раҳбари Райхон Койшанова маълум қилишича, ҳозирда минтақада Гонконг гриппи вируси деб аталадиган А типидаги (H3N2) грипп ҳолатлари лабораторияда аниқланган ва тасдиқланган. Ушбу вирус ҳар йили куз ва қиш фаслларида тарқаладиган мавсумий штаммдир. "Бу янгилик эмас, лекин мавсумий гриппнинг таниқли штаммига тегишли", — деб тушунтирган у.
Британия соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, бу йилги грипп вакциналари янги штаммларга тўлиқ мос келмаса ҳам касалликнинг оғир асоратларини камайтиришда ёрдам беради. Дастлабки маълумотлар вакцинанинг самарадорлиги тахминан 40% эканини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда болаларнинг ғайриоддий оммавий касалланиши ҳақида хабар берилганди. Фойдаланувчиларнинг сўзларига кўра, касаллик мавсумий ЎРВИга ўхшайди, аммо ич кетиш ва қусиш асносида кечади.
Баъзи ота-оналар аллақачон касалликни коронавирус мутацияси деб аташган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айлангани, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор эканини айтиб, миш-мишларни рад этган эди.

Изоҳлар мавжуд емас