Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Индонезиянинг Шимолий Сулавеси провинциясида кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган тўсатдан пайдо бўлган тошқинлар натижасида камида 14 киши вафот этди. Қутқарувчилар бедарак йўқолган яна тўрт кишини қидиришда давом этмоқда.
Маҳаллий қутқарув хизмати маълумотларига кўра, душанба куни эрталаб ёққан тинимсиз ёмғир Сиау оролида кучли сув тошқинларини келтириб чиқарган. Офат натижасида 18 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ҳозирда 16 нафар қутқарувчидан иборат гуруҳ бедарак йўқолганларни қидириш ишларига жалб этилган.
Мамлакатнинг табиий офатларга қарши кураш агентлиги вакили Абдул Муҳарининг маълум қилишича, камида 444 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудларга, жумладан маҳаллий мактаблар ва черковларга эвакуация қилинган. Сув тошқинлари аҳоли пунктлари ва инфратузилмага жиддий зарар етказган.
Индонезия об-ҳаво хизмати жорий йилнинг январь ва февраль ойларида мамлакатда ёғингарчилик мавсумининг энг юқори нуқтаси кузатилишидан огоҳлантирмоқда. Хусусан Ява, Сулавеси, Малуку, Папуа оролларида кучли сув тошқинлари такрорланиш хавфи юқорилигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ёз фаслида Афғонистоннинг ҳам бир қанча вилоятларида кучли сув тошқинлари содир бўлиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас