Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Истанбулнинг Малтепе тумани, Жевизли маҳалласида жойлашган 7 қаватли турар жой биносининг пастки 3 қавати кутилмаганда қулаб тушди. Оқибатда бинонинг юқориги 4 қавати ён томонга оғиб қолган.
Воқеа жойига олиб чиқилган AFAD (Фавқулодда вазиятлар бошқармаси), ўт ўчирувчилар, полиция ва тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қутқарув ҳаракатлари натижасида вайронкорликлар остидан 8 киши, жумладан 3 нафар бола қутқариб олинган.
Шифохонага етказилган жабрланганларнинг ҳаётига хавф таҳдид солаётгани йўқ.
Истанбул губернатори Давут Гюльнинг маълум қилишича, 1987 йилда қурилган ва 12 та хонадондан иборат ушбу бинода расман 33 киши рўйхатда турган.
Қулаш оқибатида бевосита зарар кўрган 4 та хонадонда 14 киши қайд этилган бўлиб, уларнинг 2 нафари ҳодиса вақтида шаҳар ташқарисида бўлган.
Малтепе тумани ҳокими Эсин Кўйменнинг таъкидлашича, архив ҳужжатлари текширилганда, 80-йилларда фойдаланишга топширилган ушбу бинонинг юқориги икки қавати фойдаланишга топширилгандан сўнг ноқонуний тарзда қуриб олингани аниқланган.
Шунингдек, бинонинг пастки қаватида тўқимачилик устахонаси жойлашгани айтилмоқда.
Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ҳодиса сабаблари юзасидан адлия ва маъмурий суриштирув ишларини бошлаган.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан атрофдаги бинолар аҳолиси вайрон бўлган уй соҳиблари билан биргаликда эвакуация қилиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Қутқарувчилар вайронкорликлар остида қолган бошқа фуқароларни чиқариб олиш бўйича қидирув-қутқарув ишларини изчил давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг Чхонандаги тезюрар автомагистраль қурилишида кўприк қулаб тушиб, уч нафар ишчи ҳалок бўлганди, яна беш нафари яраланганди.

Изоҳлар мавжуд емас