Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Мармара минтақасида, хусусан, Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида сўнгги 41 йил ичида кузатилмаган мисли кўрилмаган ёғингарчилик ва вайронкор сув ташқинлари хавфи юзага келди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган ҳамда вақтинча бўлиб турган ватандошларимизга шошилинч мурожаат билан чиқиб, уларни максимал даражада огоҳликка чақирди.
Минтақада об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши, кучли ёмғир ва бўрон сабабли фавқулодда ҳолатлар ҳамда сув тошқинлари хавфи юзага келгани сабабли дипломатик ваколатхона фуқароларни огоҳликка ва максимал эҳтиёткорликка чақирмоқда.
Туркия Давлат гидрометеорология хизмати томонидан Мармара минтақаси учун хавфнинг юқори даражаси эълон қилинган бўлиб, кучли ёғингарчилик ва довулли шамол асосан Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларидаги пастқам ҳудудлар, ер ости ўтиш йўллари, туннеллар, соҳил бўйи зоналари ҳамда тоғли қияликларда оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Жадаллашган сел ва сув тошқинлари йўлларда ҳаракатланишни кескин қийинлаштириши, эски ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструкциялар, дарахтлар ва электр тармоқларига зарар етказиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Истанбулдаги Бош консулхона ватандошларимизга ўз хавфсизлиги ва яқинлари саломатлигини сақлаш бўйича бир қатор зарур эҳтиёт чораларини эслатиб ўтган.
Хусусан, зарур ҳолат бўлмаса, узоқ масофаларга ва шаҳарлараро сафарларга чиқишдан тийилиш, кучли ёмғир пайтида сув тўпланиш эҳтимоли юқори бўлган пастликлар, ер ости йўллари ва соҳил бўйларига яқинлашмаслик сўралган.
Шунингдек, кўчада юрганда дарахтлар ва электр симлари остида турмаслик, автомобиль бошқарганда эса тезликни камайтириб, хавфсиз масофани сақлаши айтилган.
Дипломатик ваколатхона Туркиянинг масъул ташкилотлари, хусусан, Фавқулодда вазиятларни бошқариш агентлиги (AFAD) ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан эълон қилинаётган расмий огоҳлантириш ҳамда кўрсатмаларга қатъий амал қилишга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас