Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ливандаги Ҳизбуллоҳ қуролли гуруҳи Исроилга қарши ракета ва дрон ҳужумлари амалга оширганини маълум қилди. Ушбу ҳаракатлар Исроил томонидан сулҳ келишуви бузилаётгани билан изоҳланмоқда.
Исроил ҳарбийлари эса жанубий Ливандаги ўз позицияларига қарши ракета отилганини тасдиқлаб, буни "очиқдан-очиқ келишув бузилиши" деб баҳолаган. Шу билан бирга, улар ҳужум амалга оширилган нуқтага жавоб зарбаси берилганини билдирган.
Маълум қилинишича, АҚШ воситачилигида 10 кунлик сулҳ эълон қилинган бўлса-да, Исроил қўшинлари Ливан ҳудудида 5–10 км чуқурликда жойлашган "буфер зона"ни тарк этмаган. Бу эса кескинликни сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри Исроил қўшинлари ҳудудни тарк этмаса, қаршилик давом этишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай "ишғол" ҳолати кундалик қаршиликка олиб келади.
Шу билан бирга, Бенжамин Нетаньяҳу бошчилигидаги Исроил раҳбарияти Ҳизбуллоҳни қуролсизлантиришни асосий мақсад сифатида белгилаган. Мамлакат мудофаа вазири Израэл Катз эса, агар Ливан ҳукумати бу вазифани бажармаса, Исроил армияси буни ҳарбий йўл билан амалга оширишини билдирган.
Айни пайтда АҚШда Исроил ва Ливан ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, вазиятнинг қандай ривожланиши музокаралар натижасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас