Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим муассасаларида давомат кўрсаткичларини сунъий ошириш ва бу йўлда директорлар томонидан ўқитувчиларга босим ўтказиш ҳолатлари мавжудлигини расман тан олди. Вазир ўринбосари Шерзод Каримовнинг маълум қилишича, электрон тизимдаги рақамлар ҳақиқий аҳволдан сезиларли даражада фарқ қилмоқда.
Хусусан, юқори синф ўқувчиларининг репетиторларга кетиши ортидан юзага келаётган бўшлиқларни ёпиш учун мактаб маъмуриятлари ўқитувчилардан келмаган ўқувчиларга "келди" деб баҳо қўйишни талаб қилмоқда. Янгиҳаёт туманида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳатто бошқа муассасаларда ўқиётган болаларнинг ҳам мактабда "дарсда" деб кўрсатилгани фош этилган.
Вазирлик ушбу тизимли муаммога чек қўйиш мақсадида Face ID тизимини жорий этиш ва босимга учраган ўқитувчилар учун махсус алоқа каналлари орқали ҳуқуқий ҳимоя тақдим этилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили март ойида Ўзбекистонда ота-оналарга 515 мингта огоҳлантириш хати юборилганидан сўнг мактабларга давомат 95-99 фоизга етганди.

Изоҳлар мавжуд емас