Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан бошланган можаро глобал нефть таъминотида кескин инқироз келтириб чиқариб, қора олтин нархини 150 долларгача ошириши кутилганди. Бироқ Хитойнинг ўз захираларини оқилона ишга солиб, импорт ва экспортни қисқартиргани ҳамда ички талабни бошқаргани бозордаги рекорд нархларнинг олдини олди.
Яқин Шарқдаги уруш туфайли юзага келган таҳдидларга қарамай, кутилган салбий оқибатлар рўй бермади. Бунга асосий сабаб дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди — Хитойнинг марказлашган ва тезкор чоралар кўргани бўлган. Мамлакат февралдан июньгача хом нефть импортини икки баравар қисқартириб, кунлик кўрсаткични 5,5 миллион баррелгача туширган ва Brent маркали нефть нархини 30 долларга пасайтиришга эришган.
Пекин ушбу натижага асосан учта муҳим омиллар орқали эришган. Биринчидан, охирги 12 ойда сотиб олинган арзон нефть ҳисобига шаклланган захиралардан фойдаланиб, бозорга ҳар куни тахминан 1,5 миллион баррел қора олтин чиқарилган. Иккинчидан, март ойида заводларга янги экспорт шартномаларини тўхтатиш буюрилиб, тайёр маҳсулот экспорти икки баравар камайган ва кунлик 1,2–1,8 миллион баррел хом нефть ички эҳтиёжлар учун тежаб қолинган.
Учинчидан, қайта ишлаш заводлари июнь ойида ўтган йилгига қараганда 2,7 миллион баррел камроқ нефтга ишлов берган. Бунга аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиши, электромобилларнинг оммалашуви ва дизель талабининг қисқаргани сабаб бўлган.
Одатда ўнлаб йиллар давомида ишлаб чиқариш квоталари орқали нархларни бошқариб келган халқаро нефть картелининг мавқеи айни пайтда баъзи аъзоларнинг чиқиши ва минтақавий урушлар сабабли пасайиб бормоқда. Хитой эса давлат улуши юқорилиги ҳамда ягона марказлашган бошқарув туфайли Эрон уруши даврида жаҳон нефть бозорини деярли якка ўзи барқарорлаштира олишини исботлаган. Мамлакатнинг захиралари чексиз бўлмаса-да, бундай улкан таъсир кучи глобал энергетикада Хитойни ҳақли равишда бозорни ҳал қилувчи асосий куч сифатида намоён қилган.

Изоҳлар мавжуд емас