Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳукумат қарори билан давлат техникумларида дуал таълимни йўлга қўйган ҳамда ўз битирувчиларининг бандлигини таъминлаган ташкилотларга тижорат банклари орқали имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби жорий этилди. Ушбу ташаббус касб-ҳунар таълими ва амалиёт уйғунлигини янги босқичга кўтаришга ҳамда ёшларнинг бандлигини кафолатлашга хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, белгиланган талабларга жавоб берган иш берувчилар ва ташкилотлар имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу тизим тадбиркорларни кадрлар тайёрлаш жараёнига яқинроқ жалб қилиш ва ўқувчиларнинг ўқиш жароёнидаёқ амалий кўникмаларга эга бўлишини таъминлайди. Хусусан, бунинг учун ташкилот техникум билан дуал таълим бўйича амалдаги шартномага эга бўлиши, ўқувчилар учун иш жойлари ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиши ҳамда корхонанинг малакали мутахассисларини устоз сифатида бириктириши талаб этилади.
Шунингдек, дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар билан муддатли меҳнат шартномалари тузилиб, уларга иш ҳақи тўланиши ҳамда жорий йилда техникум битирувчисини ташкилотдаги вакант иш ўрнига ишга қабул қилган бўлиши шарт деб белгиланган.
Ташкилотлар дуал таълим дастури доирасида кредит олиш учун тижорат банкларига тегишли ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этадилар. Бу ҳужжатлар қаторига кредит олиш тўғрисидаги ариза, ташкилотнинг тасдиқловчи ҳужжатлари, техникум ва ўқувчи билан тузилган дуал таълим шартномалари нусхалари, дуал таълим дастури ва ўқувчилар рўйхати, кредитдан фойдаланиш режаси ҳамда солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома киради. Тақдим этилган барча ҳужжатлар кредитга лаёқатлилик кўрсаткичига мос келган тақдирда, тижорат банки 3 иш куни ичида ташкилотга хабар беради, шартнома тузади ва маблағни унинг ҳисобварағига ўтказиб беради.
Олдинроқ 10-синф ўқувчиларини техникумларга кўчириш, шунингдек, касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича ягона тартиб белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас