Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳузурида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур ҳужжат ҳар икки мамлакат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган.
Янги келишувга кўра, икки давлатда орттирилган меҳнат стажлари тўлиқ ҳисобга олинади. Ҳар бир томон ўз қонунчилигига мувофиқ тўпланган стаж асосида пенсия тайинлайди ва унинг миқдорини ҳисоблайди. Шу билан бирга, пенсия олиш ҳуқуқини аниқлатишда стажларни умумлаштириш тамойили қўлланилади.
Яъни, агар бир мамлакатдаги стажнинг ўзи пенсия тайинлаш учун етарли бўлмаса, иккинчи давлатдаги давр ҳам қўшиб ҳисобга олинади. Бунда ҳар бир давлат пенсия миқдорини фақат ўзида тўпланган стажга қараб белгилайди.
Бундан ташқари, фуқаролар бошқа давлат ёки учинчи ҳудудга кўчиб ўтганда ҳам уларнинг пенсия ҳуқуқлари тўлиқ сақланиб қолади. Яшаш жойи ўзгаргани сабабли тайинланган нафақа камайтирилмайди, тўхтатиб турилмайди ва бекор қилинмайди.
Фуқаронинг хоҳишига кўра маблағни тайинлаган мамлакатда қолдириш ёки янги яшаш манзилига ўтказишни таъминлаш мумкин. Шунингдек, мурожаат қилиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилиб, ҳужжатларни томонлардан исталган бирининг муассасасига топшириш кифоя қилади. Зарур маълумотлар эса ваколатли органлар ўртасида тўғридан-тўғри алмашилади.
Мазкур ҳужжат ички давлат тартиб-таомиллари якунлангандан кейин кучга киради ва уни амалга ошириш шартлари алоҳида маъмурий келишув орқали белгиланади.
Олдинроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини тантанали равишда фойдаланишга топширганди.

Изоҳлар мавжуд емас