Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Шимолий Корея сўнгги беш йил давомида қурол-яроғ учун мўлжалланган ядровий материаллар ишлаб чиқариш қувватини икки бараварга оширганини маълум қилди.
Бу ҳақда мамлакат раҳбари Ким Чен Ин яқинда ишга туширилган янги ядровий материаллар ишлаб чиқариш заводига ташрифи чоғида айтган. Унинг таъкидлашича, мазкур натижа мамлакатнинг ядровий дастурини кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида қўлга киритилган.

Ким Чен Ин шунингдек, янги беш йиллик дастур доирасида ядровий кучларни янада ривожлантириш ва атом арсеналини кенгайтириш режалаштирилаётганини билдирган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, ташриф давомида мамлакат раҳбари янги корхона фаолияти билан танишиб, унинг ишини юқори баҳолаган.
Бундан олдин Шимолий Корея Корея ярим оролини бирлаштириш ғоясидан воз кечишни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, конституциявий ислоҳотни якунлаганди. Олий халқ мажлиси томонидан қабул қилинган асосий қонуннинг янгиланган матни КХДР тарихида биринчи марта Жанубий Кореяни алоҳида чегарадош давлат сифатида белгиловчи аниқ ҳудудий шартни ўз ичига олади.

Изоҳлар мавжуд емас