Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрининг Шаҳри Нав ҳудудида жойлашган Хитой ресторанида кучли портлаш содир этилди. ИШИД террорчилик гуруҳи ушбу ҳужум Хитойнинг уйғурларга нисбатан юритаётган сиёсатига "қасос" эканини эълон қилди.
Портлаш хитойликлар гавжум бўладиган ресторан ичида содир бўлган. "Emergency" халқаро тиббий ташкилоти маълумотларига кўра, воқеа жойидан шифохонага 20 нафар жабрланувчи олиб келинган.
Ҳалок бўлганлар 7 киши. Шундан 1 нафари Хитой фуқароси, 6 нафари Афғонистон фуқаролари эканлиги айтилмоқда. Улар тиббий муассасага етиб келгунча вафот этган.
Шифохонага келтирилганлар орасида аёллар ва камида бир нафар бола бор.
ИШИД террорчилик гуруҳи Reuters ва бошқа халқаро ахборот агентликлари орқали ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Гуруҳ баёнотида айтилишича, ҳужум Хитой ҳукуматининг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги ҳаракатларига жавоб сифатида амалга оширилган. Портлашнинг аниқ тури (худкуш ёки масофавий қурилма) ҳали ҳам Кобул хавфсизлик кучлари томонидан ўрганилмоқда.

Фожиадан сўнг Хитойнинг Кобулдаги элчихонаси ўз фуқаролари учун фавқулодда баёнот билан чиқди. Хитой фуқароларига Афғонистонга сафар қилишдан вақтинча тийилиш тавсия этилди.
Мамлакатда бўлиб турган хитойликлардан одам гавжум жойлар, диний масканлар ва ресторанларга бормаслик сўралди.
Элчихона Афғонистондаги хавфсизлик вазиятини ҳамон ўта оғир ва хавфли деб баҳоламоқда.
Ушбу воқеа Афғонистондаги хорижий инвесторлар ва дипломатлар хавфсизлиги борасидаги хавотирларни янги босқичга олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Москвада муҳожирларни террорчилик ташкилотига ёллаган тўққиз нафар хорижлик қўлга олинганди. Махсус операцияда ФСБ ва Россия Тергов қўмитаси билан бирга Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам иштирок этган эди.

Изоҳлар мавжуд емас