Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. NVIDIA асосчиси Женсен Хуанг компания президенти ва бош директори лавозимларидан, шунингдек, директорлар кенгаши аъзолигидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда компания 2026 йил 12 ноябрь куни эълон қилди. Унинг вазифасини вақтинча NVIDIA молиявий директори Колетт Кресс бажаради.
Компания маълумотига кўра, Хуангнинг истеъфоси дарҳол кучга кирган. NVIDIA директорлар кенгаши доимий бош директорни тайинлаш учун номзодларни излашни бошлаган. Бунда компаниянинг ички раҳбарлари ва ташқи номзодлар ҳам кўриб чиқилади.
Бунга бир неча кун ичида иккита ишқий можаро марказида қолгани сабаб бўлган. Аввал у Хитой махсус хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинаётган тадбиркор аёл билан муносабатда бўлганини тан олган ва энди эса унинг компанияда бевосита ўзига бўйсунадиган юқори лавозимли ходима Кимберли Пауэлл билан ҳам ишқий муносабатда бўлгани ҳақида хабар тарқалган.
NVIDIA директорлар кенгаши Ҳарви Си Жонсни кенгашнинг биринчи раиси этиб тайинлади. У 30 йилдан ортиқ вақт давомида тадбиркор, технология соҳаси раҳбари ва инвестициячи сифатида ишлаган. Жонс аввал Synopsys компанияси бош директори ва ижроия раиси лавозимларини ҳам эгаллаган.
NVIDIA директорлар кенгаши янги раҳбариятга ишонч билдириб, компания фаолияти, мижозлар олдидаги мажбуриятлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқиш режаларида узилишлар бўлмаслигини маълум қилган.
Колетт Кресс эса Женсен Хуанг томонидан сўнгги 33 йил давомида яратилган компания салоҳиятини ривожлантиришда давом этишини билдирган. Унинг таъкидлашича, NVIDIA сунъий интеллект ва тезлаштирилган ҳисоблаш технологиялари соҳасидаги ишларни давом эттиради.
Компания Женсен Хуангнинг NVIDIA ва бутун технология саноати ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этган.
NVIDIA 2027 молиявий йилининг учинчи чораги натижаларини 17 ноябрь куни эълон қилади. Компания аввалдан белгиланган жадвалга мувофиқ, молиявий ҳисобот тақдимотидан кейин инвесторлар билан конференция қўнғироғини ҳам ўтказади.

Изоҳлар мавжуд емас