Загрузка
Загрузка
Турдимов ишдан кетмаганини айтган ректорлар лавозимини тарк этди
Жамият

Турдимов ишдан кетмаганини айтган ректорлар лавозимини тарк этди

29
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда 6 ноябрь куни Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишдан кейин лавозимидан кетиши айтилган олий таълим муассасалари ректорларининг барчаси ишдан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири Таълим ва илм-фан вазирлиги вакилларидан расмий муносабат сўради.

Жумладан, Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқов, Гулистон давлат педагогика институти раҳбари Жаҳонгир Қаршибоев ҳамда Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов лавозимидан кетгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Batafsil.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги Рақамли трансформация ва ахборот сиёсати департаменти раҳбари Манучеҳр Мирзаевдан изоҳ сўради. У: "Мен ҳам шундай деб эшитдим", деб жавоб берди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг собиқ ректори Илҳомжон Тўхтасинов билан ҳам боғландик. У 11 ноябрь куни ўз хоҳиши ва аризасига асосан лавозимидан кетганини тасдиқлади.

"Шундай бўлди, 11 ноябрдан ўз хоҳишим ва аризамга асосан ишдан кетдим", — деди у.

Қайси ректорлар лавозимидан кетди?

12 ноябрь куни тарқалган маълумотларга кўра, қуйидаги олий таълим муассасалари раҳбарлари лавозимидан озод этилган:

  • Тошкент кимё-технология институти — Ботир Усмонов;

  • Бухоро давлат университети — Обиджон Ҳамидов. У 2019 йилдан буён университетни бошқариб келган ва бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилган;

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети — Илҳомжон Тўхтасинов;

  • Наманган давлат педагогика институти — Баҳодир Ҳусанов;

  • Самарқанд давлат чет тиллари институти — Баҳодир Ҳолиқов;

  • Гулистон давлат педагогика институти — Жаҳонгир Қаршибоев;

  • Навоий давлат университети — Муҳиддин Калонов. У ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилгани хабар қилинди.

Шунингдек, Гулистон давлат педагогика институтининг расмий сайтида ҳам ректор лавозими вакант деб кўрсатилганини қайд этган.

Вазир аввал нима деган эди?

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни вазир Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда бешта ОТМ ректоридан лавозимидан озод этиш бўйича ариза олингани ва яна 12 нафар раҳбар қаттиқ огоҳлантирилгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Бироқ вазир 9 ноябрь куни журналист Каримберди Тўрамурод билан суҳбатда бирорта ҳам ректор ишдан олинмаганини, фақат тўрт нафар раҳбарга қаттиқ огоҳлантириш берилганини айтган.

Шундан кейин йиғилишда номи тилга олинган олийгоҳлар раҳбарларининг бирин-кетин лавозимидан кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Ҳозирча ректорларнинг лавозимидан кетиши ва бунинг сабаблари бўйича вазирлик томонидан тўлиқ расмий маълумот берилмаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...