Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистон ҳарбий авиацияси Афғонистон шарқидаги жангариларнинг позицияларига ҳаводан зарбалар йўллади. Исломобод расмийларига кўра, амалиёт давомида камида 25 нафар жангари йўқ қилинган. Ўз навбатида, Афғонистоннинг "Толибон" ҳукумати ҳужум оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани ёки жароҳатланганини маълум қилди.
Покистон Ахборот вазири Аттауллоҳ Тарарнинг билдиришича, мазкур ҳарбий амалиёт ўтган дам олиш кунлари Карачи шаҳрида содир этилган қонли ҳужумга жавобан амалга оширилган. Исломобод ушбу терактда Покистон Толибони ("Теҳрик-е-Талибан Пакистан" ёки TTP) таркибидан ажралиб чиққан "Жамоат-ул-Аҳрор" гуруҳини айбламоқда.
28 июнь куни Карачидаги ҳарбийлаштирилган қўриқчилар (Рейнжерлар) штаб-квартирасига қилинган ҳужумда 3 нафар аскар ҳалок бўлган, хавфсизлик кучлари эса 3 жангарини йўқ қилиб, ярадор бўлган бир нафар Афғонистон фуқаросини қўлга олган эди. Вазир Тарар Покистоннинг ушбу амалиёти чегара ҳудудларидаги жангарилар бошпаналарини йўқ қилишга қаратилганини таъкидлаган.
"Толибон" ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг ушбу ҳарбий ҳаракатини кескин қоралаб, уни "қўрқоқларча қилинган тажовуз" деб атаган ва афғон заминида жангарилар яширинаётганини яна бир бор рад этган. Tolonews ахборот манбаси қўрбонлар сони 30 тага етгани, жабрланганлар 100 нафарга яқин эканлигини хабар қилган.
Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар 2021 йилда Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келганидан бери совуқлашган бўлса, жорий йилнинг февраль ойида улар ўртасида бир неча ҳафта давом этган қуролли тўқнашувлар ва уруш келиб чиққан эди. Гарчи март ойида томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олган бўлса-да, чегарадаги тўқнашувлар ва ўзаро ҳужумлар тўхтагани йўқ.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича Хитой ва бошқа воситачи давлатларнинг уринишлари ҳозирча сезиларли натижа бермаган. Мавжуд вазият Покистон Яқин Шарқдаги АҚШ ва Эрон урушини тўхтатиш учун воситачилик қилаётган бир пайтда, мамлакат ичидаги хавфсизликни таъминлаш учун Афғонистон ҳудудидаги амалиётларни давом эттиришга мажбур бўлаётганини кўрсатмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас