Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиялик рэпер Navai (асл исми — Наваи Бакиров) Қозоғистонда гиёҳванд моддалар контрабандасида гумонланиб қўлга олинди. Ҳодиса 13 октябрь куни "Қордай" чегара пунктида содир бўлган.
Қозоғистоннинг Жамбил вилояти полиция департаменти маълум қилишича, артистнинг автомобили текширилганда гиёҳванд модда аниқланиб, мусодара қилинган. Жиноят иши қўзғатилган. Артист вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
"Қозоғистонга кириш вақтида "Қордай" чегара пунктида полиция ходимлари Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати билан биргаликда Navai саҳна тахаллуси билан танилган хорижий фуқарони қўлга олди. У ҳаракатланган автомобилни текшириш вақтида гиёҳванд модда аниқланиб, мусодара қилинди", — дейилади хабарда.
Қозоғистонлик журналист Михаил Козачковнинг маълумотларига кўра, автомобилдаги гиёҳванд моддаларни Атлас лақабли хизмат ити ҳид орқали аниқлаган. Ҳайдовчи ўриндиғининг чўнтагидан 2,5 грамм марихуана топилган. Автомобилни Бакировнинг ўзи бошқарган. Шунингдек, машинада сигарет ўраш учун қоғоз ва майдалагич ҳам бўлган.
Мусиқачи билан бирга яна икки киши бўлган ва учаласи ҳам қўлга олинган. Жиноят иши контрабанда ҳамда гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадисиз ноқонуний ташишга оид моддалар бўйича рўйхатга олинган. Кейинчалик хонанда билан бирга автомобилда бўлган икки киши қўйиб юборилгани маълум бўлган.
Артистнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлардан сўнг хонанданинг 14 октябрь куни Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган концерти "номаълум муддатга" қолдирилгани ҳақида хабар тарқалган. Тадбир ташкилотчиси томошабинлар чипталар учун тўланган пулни қайтариб олишлари мумкинлигини маълум қилган.
"Афсуски, техник сабабларга кўра, бугун, 14 октябрь куни соат 20:00 да Жақсилиқ Ушкемпиров номидаги Яккакураш саройида ўтказилиши режалаштирилган Navai концерти бўлиб ўтмайди. Келтирилган ноқулайликлар учун чин дилдан узр сўраймиз", — дейилади хабарда.
Рэпернинг онаси Айнур Бакирова вазият ҳал бўлишига ва ўғли тез орада қўйиб юборилишига ишонч билдирган. У артистга нисбатан туҳмат қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
"Қўриқчилари қўнғироқ қилиб, у ерда ҳамма нарсани ҳал қилишганини айтишди. Ҳозир қўйиб юборишади, хавотир олма, жарима тўлайди ва тамом, дейишди. Менинг мазам қочиб кетди... У ва гиёҳванд модда? Унга туҳмат қилишган. У умуман бундай ишлар билан шуғулланмайди. Бу қандай бўлиши мумкин?" — деди Бакирова.
Артистнинг директори Рауф Гусанов вазиятга изоҳ беришдан бош тортди. Хонанданинг собиқ севгилиси Анастасия Миронова ҳам воқеа ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган ва мусиқачи билан алоқани бутунлай тўхтатганини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас