Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани, у ҳомиладор бўлиб қолгани ва ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида ҳомиласи нобуд бўлгани ҳақида даъволар билдирилган видео тарқалди. Қизнинг онаси ёрдам сўраб, ишни назоратга олишни илтимос қилган.
Видеода сўзлаган аёлнинг айтишича, унинг 2009 йил 15 мартда туғилган қизи 2024 йил февраль ойидан бошлаб бир неча шахс томонидан зўравонликка учраган. Унинг таъкидлашича, қизга бу ҳақда гапирса, интернетда шарманда қилиниши билан қўрқитиш орқали босим ўтказилган.
Аёл жиноятга алоқадор деб ҳисоблаётган шахсларнинг айримлари ҳозиргача озодликда юрганини, улардан бири хорижга чиқиб кетгани айтилганини билдирган. Яна бир шахс қамоқда экани, аммо иш ҳали судгача етиб бормаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, оила 2025 йил 15 декабрдан буён турли идораларга мурожаат қилиб келмоқда.
Видеода, шунингдек, қиз ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида ҳомиласини йўқотгани ва тиббий ёрдам олиш жараёнида муаммоларга дуч келгани ҳақида даъволар билдирилган. Аёл Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Самарқанд шаҳридаги туғруқхонадаги муносабатдан норози бўлганини айтган. Унинг таъкидлашича, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида пул талаб қилинган.
Мурожаат муаллифи масъул идоралар, жумладан, хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар бу ҳолатга етарлича эътибор қаратмаганини даъво қилган ва мутасаддилардан ишни назоратга олишни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот ҳозирча тақдим қилинмаган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳали вояга етмаган фарзанд ўз онаси томонидан мунтазам равишда жисмоний зўравонлик ва жинсий тегажоғликка учраганини ҳикоя қилган видеомурожаат тарқалганди. Жабрланувчининг сўзларига кўра, она унга нисбатан ножўя ҳаракатлар содир этган ва жисмоний тазйиқ ўтказган.

Изоҳлар мавжуд емас