Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда депутатлар, судьялар, прокурорлар ва Президент Администрацияси ходимлари каби дахлсизлик ҳамда иммунитетга эга шахсларни ноқонуний ушлаган, мажбурий келтирган ёки уларга нисбатан ноқонуний тергов ҳаракатларини амалга оширган мансабдор шахсларга нисбатан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Президент томонидан имзоланган янги қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал кодекси ва бошқа қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, дахлсизлик ва иммунитет мақоми берилган шахслар доираси ҳамда уларни ҳимоя қилиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.
Дахлсизликка эга шахслар сирасига парламент аъзолари, судьялар, омбудсманлар, прокурор, терговчи ва адвокатлар, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, шунингдек, Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари (ишдан бўшаганидан сўнг 5 йил давомида) киритилган.
Янги тартибга кўра, ушбу шахсларни ноқонуний ушлаб туриш ёки терговга мажбурий олиб келиш қатъиян тақиқланади.
Уларга нисбатан телефон сўзлашувларини эшитиш ва хат-хабарларни кузатиш каби тезкор-қидирув тадбирлари фақат суд қарори ёки Бош прокурорнинг ёзма рухсати билан ўтказилиши мумкин.
Ушбу талабларни бузган ҳолда олинган ҳар қандай далиллар номақбул деб топилади ва иш материалларидан чиқариб ташланади.
Ноқонуний тергов ёки ушлаб туриш ҳаракатларини содир этган мансабдор шахсларга нисбатан эса 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Олдинроқ Ўзбекистонда боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятни қасддан содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қўллаш тақиқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас