Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия ҳукумати телефон ва интернет фирибгарлигига қарши кураш доирасида "нодўстона" давлатлар ҳудудидан келадиган телефон қўнғироқларини блоклаш чораларини жорий этмоқда. Бу ҳақда 9 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) аъзолари билан учрашувда маълум қилган.
Ушбу чора фирибгарлик мақсадида амалга оширилаётган қўнғироқларга қарши қаратилган бўлиб, умумий 20 га яқин ташаббусни ўз ичига олувчи янги чора-тадбирлар пакетининг бир қисми ҳисобланади.
Президент Путиннинг сўзларига кўра, ИҲК томонидан илгари сурилган бу таклифлар ҳукумат томонидан аллақачон инобатга олинган ва амалиётга татбиқ этилмоқда.
Унга кўра жиноий мақсадларда амалга ошириладиган, "нодўстона" давлатлар ҳудудидан келаётган чақирувларни блоклаш режалаштирилган. Барча хорижий қўнғироқларга мажбурий белги қўйиш (маркировкалаш) тизими жорий этилади.
Шунингдек, тахминан 20 та ташаббусдан иборат ушбу пакетда абонентнинг розилигисиз халқаро кирувчи қўнғироқларни тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.
Ҳукумат "рақамли муҳитда фуқароларни ҳимоя қилиш" бўйича биринчи чора-тадбирлар пакетини қабул қилган, иккинчи пакет ишлаб чиқилган ва муҳокама қилинмоқда, учинчи пакет эса яқин келажакдаги режаларга киритилган.
Россия ҳукумати нуқтаи назаридан, "нодўстона" давлатлар рўйхатига 47 та давлат ва ҳудуд, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея ва Украина киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Россияда Telegram ва WhatsApp мессенжерларида овозли қўнғироқлар (VoIP) функцияси қисман блокланганди. Роскомнадзорнинг маълум қилишича, бу фирибгарларнинг қўнғироқлардан фойдаланиши ва "Россия қонунчилиги талабларига риоя қилишдан бош тортиши" билан боғлиқ.

Изоҳлар мавжуд емас