Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россияга ишлаш учун борган бир гуруҳ Қозоғистон фуқаролари Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга мажбурлангани ва Украинадаги урушга юборилиш хавфи остида қолганини айтмоқда. Улар Қозоғистон ҳукуматидан ўзларини ватанга қайтаришда ёрдам сўраган.
Ulysmedia.kz маълум қилишича, дастлаб гуруҳда 15 нафар қозоғистонлик бўлган. Ҳозир уларнинг айтишича, 9–10 киши қолган, қолганлари эса уруш ҳудудига юборила бошланган.
Гуруҳ аъзоларидан бири — 19 ёшли Қайсар Алмаз — Россияга ишлаш учун келганини, аммо ҳужжатларни ўз хоҳиши билан имзоламаганини айтган. Унинг таъкидлашича, ёшларга Россияда қўриқлаш соҳасида ишлаш таклиф қилинган, кейин эса уларга шартнома бошқа мақсадда расмийлаштирилгани маълум бўлган.
"Биз алданиб қолдик. Ҳужжатларни ўз хоҳишимиз билан имзоламадик", — деган у видеомурожаатида.
Гуруҳ аъзолари Россиядаги Қозоғистон элчихонаси ва адвокатларга мурожаат қилганини билдирган. Уларнинг айтишича, шартнома имзоламаса, узоқ муддатга қамалиш билан қўрқитилган.
Қозоғистонликлардан Жусип Шахназар Ерболатули эса аллақачон Украинадаги уруш ҳудудига тушиб қолганини билдирган. У видеомурожаатида гуруҳдаги яна саккиз нафар қозоғистонлик билан бирга ёрдам сўраган ва уларни олиб кетиш учун вақт жуда кам қолганини айтган.
Аввалроқ бу ҳолат юзасидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига дипломатик нота юборган. 2 октябрь куни Қозоғистон ТИВ раҳбари Мухтар Тлеуберди Россиянинг Қозоғистондаги вақтинчалик ишлар вакили Александр Комаров билан учрашиб, уруш ҳудудига тушиб қолган қозоғистонликларни ватанга қайтариш масаласини муҳокама қилган.
Қозоғистон ТИВ маълум қилишича, томонлар фуқароларни қайтариш бўйича қўшма чораларни ишлаб чиқишга келишган. Шунингдек, Қозоғистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Айни пайтда гуруҳ аъзолари уларни яқин кунларда уруш ҳудудига юборишлари мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигида фуқароларнинг чет давлатлар ҳарбий хизматига кириши ёки ёлланиши учун жавобгарлик белгиланган.
Жиноят кодексининг 154¹-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Фуқаронинг бундай хизматга ёлланиши эса уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-моддасида моддий ёки бошқа шахсий манфаат эвазига чет давлат ҳудудида ёки унинг томонида қуролли тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас