Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Свердловск вилоятидаги Кушва шаҳрида кучли довул оқибатида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, офат натижасида 16 киши жабрланган. Улардан 4 нафари шифохонага ётқизилган, яна 2 нафарига амбулатор тартибда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Кучли шамол 89 та хусусий уй, мактаб ва болалар боғчасининг том қисмларига зарар етказган. Шунингдек, шаҳарда 4 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолган.
Хусусий секторда газ қувурларига ҳам шикаст етгани сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан газ таъминоти вақтинча ўчирилган. Ичимлик суви таъминоти тикланган бўлса-да, айрим ҳудудларда узилишлар кузатилиши мумкинлиги хабар қилинган.
Ҳозирда қутқарув ва коммунал хизматлар тиклаш ишларини олиб бормоқда. Зарар кўрган аҳоли учун вақтинчалик жойлаштириш пунктлари ташкил этилган.
Ўзбекистонда ҳам Ўзгидромет жорий йилнинг 23–27 июнь кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Нафақат тоғли зоналарда, балки республиканинг айрим текислик ҳудудларида ҳам ёмғир сувлари тўпланиши ва ҳудудларни сув босиши эҳтимоли мавжуд.

Изоҳлар мавжуд емас