Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Венесуэланинг шарқидаги Ансоатеги штатида хантавирус юқтиргани тасдиқланган уч киши вафот этган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маълум қилинди.
Соғлиқни сақлаш тизими тақдим этган баёнотга кўра, Баринас штатида ҳалок бўлган яна икки киши – тиббиёт ходимларининг ўлими Ансоатегидаги ҳолатлар билан боғлиқ эмас ва ҳозирда алоҳида текширилмоқда. Расмий идоранинг таъкидлашича, бу алоҳида ҳолатлар бўлиб, аҳоли саломатлиги учун умумий хавф туғдирмайди.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, мазкур вирус асосан қишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ҳудудларида яшовчи кемирувчилар орқали тарқалади. Текширувлар шуни кўрсатадики, ёпиқ жойларда кемирувчиларнинг чиқиндилари ёки сўлаги заррачаларини нафас орқали ютиш инфекциянинг асосий юқиш манбаи ҳисобланади.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан мамлакат ҳудудида бу вируснинг одамдан одамга ўтиши бўйича ҳеч қандай илмий далиллар қайд этилмагани билдирилган.
Аввалроқ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ўтган ой круиз кемасида содир бўлган ҳантавирус тарқалиши оқибатлари бартараф этилганини эълон қилган эди. Ўша эпидемияда уч киши ҳалок бўлгани ва унда аниқланган Анд вируси одамдан одамга юқиши мумкин бўлган ягона тур экани айтиб ўтилганди.
Олдинроқ жорий йилнинг 25 майидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) MV Hondius круиз лайнерида бошланган хантавирус тарқалиши расман якунланганини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас