Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатга Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш масаласига тўхталар экан, бир неча минг доллар миқдоридаги "катта пуллар"ни топмоқчи бўлган фуқароларга Россиядаги нефть конлари ёки бошқа соҳаларда ишлашни кўриб чиқишни тавсия этди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўзбекистонлик мутахассислар Беларусь қишлоқ хўжалигига, хусусан, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариб, ўз ватанига етказиб бериш мақсадида жалб этилади. Бунда ишчиларнинг даромади тўғридан-тўғри улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ва маҳсулдорлик даражасига боғлиқ бўлади.
Шу билан бирга, Беларусь томони жалб этиладиган хорижий ходимларга белоруслар каби соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидан фойдаланиш бўйича тенг ижтимоий ҳуқуқлар ҳамда кафолатлар берилишини маълум қилган.
Агар маҳаллий ҳокимликлар хорижий ишчи кучига эҳтиёж сезмаса, уларни жалб қилиш мажбурий эмаслиги ҳам қўшимча қилинган.
Авваороқ Андижон вилоятидан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси дастури доирасида Беларуснинг Витебск вилоятига ишлашга юборилган бир гуруҳ ўзбекистонлик ишчилар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга видеомурожаат йўллаб, оғир яшаш шароити ва паст маошдан шикоят қилганди.
Кейинчалик вазиятга аниқлик киритиш мақсадида ушбу видео муаллифи бўлган юртдошимиз махсус видеомурожаат билан чиққанди ва тармоқ фаолларидан бу видеоларни зудлик билан ўчириб юборишни илтимос қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас