Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жазоирнинг марказий ва шарқий вилоятларида содир бўлган кенг кўламли ёнғинлар оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, яна 54 киши жароҳатланди. Мамлакат президенти Абдулмажид Теббун фожиа муносабати билан 27 августдан бошлаб уч кунлик миллий мотам эълон қилди.
Энг кўп қурбонлар Жижель, Бежая ва Тизи-Узу вилоятларида қайд этилган. Расмий маълумотларга кўра, Жижельда 5 киши, Бежаяда 4 киши ва Тизи-Узуда 3 киши ҳалок бўлган. Жабрланганларнинг олти нафари оғир аҳволда экани айтилган.
Ёнғинлар кучли иссиқ тўлқини фонида юзага келган. Бир сутка давомида мамлакат бўйлаб 150 дан ортиқ ёнғин ўчоғи қайд этилган, айрим ҳудудларда ёнғинларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Ўнлаб оилалар хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган.
Жазоир ҳукумати ёнғинларни ўчиришга фуқаро муҳофазаси кучлари билан бир қаторда ҳарбий авиацияни ҳам жалб қилган. Айрим вилоятларда вазият назоратга олинган бўлса, Бежая ва Жижельда ёнғин ўчоқларига қарши кураш давом этмоқда.
Уч кунлик мотам даврида мамлакат бўйлаб давлат байроқлари ярим туширилади, шунингдек, барча миллий байрам тадбирлари ва спорт мусобақалари бекор қилинган. Президент Теббун ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдириб, жабрланганларга тезроқ соғайиш тилаган.
Мутахассислар Жазоирда ёз мавсумида ўрмон ёнғинлари хавфи юқори эканини таъкидлайди. Кучли иссиқ, қурғоқчилик ва шамоллар мамлакатнинг ўрмонли ҳудудларида ёнғинларнинг тез тарқалишига шароит яратади.
Эслатиб ўтамиз, Европада ҳам ёз мавсумида авж олган ўрмон ёнғинлари нафақат ўсимликлар ва биноларни йўқ қилмоқда, балки Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан қолган эски ўқ-дориларнинг портлашига сабаб бўлганди. Бу эса, Франция, Бельгия, Германия ва Нидерландияда қайд этилган бу каби портлашлар ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларга жиддий хавф туғдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас