Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда жамоат жойидаги хатти-ҳаракатлари акс этган видеолари кенг муҳокамага сабаб бўлган актриса ва блогер Нилуфар Ҳамидова 7 суткага маъмурий қамоққа олинди. Суд уни майда безорилик содир этганликда айбдор деб топган.
5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида 1978 йилда туғилган Нилуфар Ҳамидовага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган.
Суднинг қарорига кўра, Ҳамидова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Мазкур ҳолат актрисанинг жамоат жойида, жумладан, жамоат транспорти бекати атрофида содир этган хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин муҳокамага сабаб бўлган эди.
Аввалроқ Ҳамидова ички ишлар органлари ходимлари билан суҳбатда ўз хатти-ҳаракатлари учун жамоатчиликдан узр сўраган ва бундай мазмундаги видеоларни бошқа эълон қилмаслигини билдирган.
Қайд этиш жоиз, актриса аввал ҳам ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ва ижодий ишлари сабабли танқидларга учраган. Жумладан, 2023 йилда "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси уни концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензия талабларига риоя қилмагани юзасидан огоҳлантирган эди.
2026 йил апрель ойида эса Ҳамидова хонанда Якзон билан биргаликда ижро этган дуэт қўшиқ ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас