Загрузка
Загрузка
Маданият вазирлиги актёр ва актрисаларнинг жамоатчилик олдидаги масъулиятини ўз ваколатига киритмайдими?
Маданият

Маданият вазирлиги актёр ва актрисаларнинг жамоатчилик олдидаги масъулиятини ўз ваколатига киритмайдими?

21
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ижтимоий тармоқларда актриса Нилуфар Ҳамидованинг жамоат жойидаги хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири Маданият вазирлигидан изоҳ сўраганида, вазирлик актрисанинг ҳаракатлари унинг ваколатлари доирасига кирмаслигини билдирди. Бироқ бу жавоб маданият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи идоранинг санъаткорлар, уларнинг жамоатчилик олдидаги масъулияти ва ёшларга кўрсатадиган таъсири борасидаги вазифалари ҳақида саволларни келтириб чиқарди.

Вазирликнинг маълум қилишича, Нилуфар Ҳамидованинг жамоат жойида содир этган хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган. Мазкур ҳолат Маданият вазирлиги фаолияти ва ваколатлари доирасига тааллуқли эмас. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли чоралар кўрилгани айтилган. 

Масаланинг ҳуқуқий томони алоҳида, соҳавий масъулият эса бошқа масала. Албатта, актёр ёки актрисанинг ҳар бир шахсий ҳаракати учун Маданият вазирлигини жавобгар қилиш мумкин эмас. Ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, унга ҳуқуқий баҳо бериш ваколатли органлар зиммасида. Аммо вазирликнинг вазифаси фақат театрлар фаолиятини ташкил этиш, маданий тадбирлар ўтказиш ва санъатни ривожлантириш билан чекланадими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 сентябрдаги 558-сон қарори билан тасдиқланган низомда Маданият вазирлиги маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида белгиланган. "Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги қонунда эса соҳада маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятлар устуворлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш каби принциплар мустаҳкамланган.

Демак, вазирликнинг санъаткорлар олдидаги масъулиятини уларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш ваколати билан тенглаштириб бўлмайди. Аммо соҳадаги маънавий муҳит, касбий маданият ва жамоатчилик билан муносабатлар борасида вазирликнинг позицияси бўлиши керак эмасми?

Бошқа давлатларда бу масалага қандай ёндашилади?

Масалан, Жанубий Кореяда Маданият, спорт ва туризм вазирлиги маданият ва санъат соҳасидаги муаммоларга нисбатан фақат умумий баёнотлар билан чекланмайди. Вазирлик 2019 йилда санъат соҳасида жинсий таъқиб ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда бундай ҳолатларга жавоб бериш бўйича махсус қўлланма эълон қилган. Унда санъат соҳасидаги ташкилотлар ва иштирокчилар учун профилактика, мурожаатларни кўриб чиқиш ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалалари ёритилган.

Ёки амалий мисолга қарасак. 2024 йил июль ойида Қозоғистоннинг машҳур хонандаси Қайрат Нўртас Алматыдан Астанага учаётган самолёт бортида жанжал чиқаргани учун 15 суткага маъмурий қамоққа олинган. Суд унинг ҳаракатларини майда безорилик деб баҳолаганди.

Воқеа юзасидан Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳам муносабат билдирган. Унинг таъкидлашича, маданият арбоблари жамият, айниқса, ёш авлод олдидаги масъулиятини англаши керак. Вазир машҳур санъаткорларнинг қонунни бузиши ташвишли ҳолат эканини қайд этиб, уларнинг вазифаси жамиятда маданиятни шакллантириш, одамларда гўзаллик ва миллий меросга ҳурмат туйғусини тарбиялашдан иборатлигини айтган эди.

"Лавозими, машҳурлиги, унвонлари ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, қонун ҳамма учун бир хил", — дея таъкидлаган вазир.

Албатта, хориждаги ушбу механизмлар актёрларнинг шахсий ҳаётини давлат назоратига олишни англатмайди. Улар ижодий соҳада хавфсиз муҳит яратиш, касбий этикага амал қилиш ва болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзбекистонда ҳам бу масалага эътибор қаратиш зарурати бор. Чунки санъаткорлар, айниқса, оммага танилган актёр ва актрисалар фақат саҳна ёки экрандаги фаолияти билан чекланмайди. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари, жамоат жойларидаги хатти-ҳаракатлари ҳам жамоатчилик эътиборида бўлади. Болалар ва ўсмирлар эса уларни ўзларига намуна сифатида қабул қилиши мумкин.

Бу ерда мактаблар билан боғлиқ савол ҳам пайдо бўлади. Агар таълим муассасасида ўқувчилар иштирокида бахтсиз ҳолат юз берса, жамоатчилик биринчи навбатда ўқитувчи ва мактаб директоридан изоҳ талаб қилади. Мактаб раҳбариятидан болалар тарбияси, уларнинг хавфсизлиги ва маънавий муҳит учун масъулият сўралади. Унда нега жамоатчилик эътиборида бўлган санъаткорларнинг болалар кўз ўнгидаги хатти-ҳаракатлари юзасидан маданият соҳасини бошқарувчи идора ҳеч бўлмаса соҳавий муносабат билдиришни лозим топмайди?

Бу дегани, вазирлик актрисани жазолаши ёки унинг шахсий ҳаётига аралашиши керак, дегани эмас. Аммо у соҳадаги касбий этика, ижтимоий масъулият ва ёш авлодга таъсир масалалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориши, ижодкорлар билан ишлаши ва зарур ҳолларда жамоатчиликка ўз позициясини билдириши мумкин.

Нилуфар Ҳамидова билан боғлиқ ҳолатда эса вазирлик айнан шу жиҳатларга изоҳ бермади. Ички ишлар вазирлиги эса чора кўришини маълум қилган. Натижада асосий савол очиқ қолди: Маданият вазирлиги санъат соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширар экан, актёр ва актрисаларнинг жамият олдидаги касбий ҳамда ижтимоий масъулиятини ошириш учун қандай ишларни амалга оширмоқда?

Агар вазирликнинг бу борада аниқ сиёсати ва механизмлари бўлмаса, уларни ишлаб чиқиш вақти келмадимикан?

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...