Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ипотека дастури доирасида 67 598 нафар фуқарога кредит ажратилди. Бунинг учун жами 20,9 триллион сўм йўналтирилиб, кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39 фоизга ошган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил учун ипотека кредитлари ажратиш бўйича умумий дастур ҳажми 23 триллион сўм этиб белгиланган.
Тўққиз ой якунига кўра, ушбу режанинг 91 фоизи бажарилган. Ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,9 триллион сўмга кўпайган. Ипотека кредитларини молиялаштириш учун давлат бюджети, тижорат банклари ва компания маблағларидан фойдаланилган.
Хусусан, ажратилган 20,9 триллион сўмнинг 12,8 триллион сўми давлат бюджети, 6,1 триллион сўми тижорат банклари ҳамда 2 триллион сўми компания маблағлари ҳисобига тўғри келган.
Шунингдек, ипотека дастури доирасида фуқароларга бериладиган субсидиялар учун ҳам маблағ ажратилган. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, бу мақсадларга жами 1 триллион 208,1 миллиард сўм тўланган.
Ушбу маблағнинг 800,3 миллиард сўми ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларини қоплашга йўналтирилган. Қолган 407,8 миллиард сўм эса 13 722 нафар фуқаронинг уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадал тўловларини қоплашга сарфланган.
Вазирлик маълумотида қайд этилишича, ипотека дастурлари аҳолининг уй-жой билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қурилиш ва ипотека бозорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу кўрсаткич биргина январь–август ойларида 18,3 триллион сўм миқдорида эди.

Изоҳлар мавжуд емас