Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон аҳолиси истеъмол харажатларининг қарийб ярмини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфламоқда. Visual Capitalist нашри АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотлари асосида тайёрлаган 103 мамлакатлик рейтингда Ўзбекистон 44,8 фоиз кўрсаткич билан еттинчи ўринни эгаллаган.
2025 йил маълумотларига асосланган тадқиқотда озиқ-овқат харажатлари улуши бўйича Ўзбекистондан юқорида фақат олти давлат қайд этилган. Рейтингда Нигерия 56,2 фоиз билан биринчи ўринда. Кейинги ўринларда Мьянма — 54,8 фоиз, Лаос — 53,9 фоиз, Кения — 48,7 фоиз, Туркманистон — 46,3 фоиз ва Танзания — 45,8 фоиз жойлашган.
Қозоғистонда эса аҳоли истеъмол харажатларининг 41,7 фоизи озиқ-овқатга тўғри келади. Мамлакат рейтингда ўнинчи ўринни эгаллаган.
Бироқ Ўзбекистон миллий статистикасидаги кўрсаткич халқаро тадқиқот натижасидан анча юқори. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатдаги уй хўжаликлари истеъмол харажатларининг 56,5 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган. Бу Visual Capitalist келтирган баҳолашдан 11,7 фоиз бандга кўп.
Икки кўрсаткич ўртасидаги фарқ ҳисоблаш усуллари билан изоҳланади. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига асосланган халқаро тадқиқотда фақат уйда истеъмол қилиш учун харид қилинган озиқ-овқат ҳисобга олинган. Кафе ва ресторанларда овқатланиш, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун харажатлар тадқиқотга киритилмаган.
Рейтингнинг қуйи қисмида эса озиқ-овқат харажатлари улуши анча кам бўлган давлатлар бор. Масалан, Ирландияда бу кўрсаткич 8,3 фоиз, АҚШда 6,4 фоиз, Сингапурда эса 6,3 фоизни ташкил этган.
Мамлакатлар ўртасидаги бундай фарқни иқтисодиётдаги Энгель қонуни билан ҳам изоҳлаш мумкин. Унга кўра, уй хўжалиги даромади ошгани сари бюджетнинг озиқ-овқатга йўналтириладиган улуши одатда камаяди. Бироқ бу даромади юқори оилалар озиқ-овқатга камроқ пул сарфлайди дегани эмас: улар маҳсулотларга мутлақ қийматда кўпроқ маблағ ажратиши мумкин.
Шу боис озиқ-овқат харажатларининг умумий бюджетдаги улуши маҳсулотлар нархи ёки оиланинг аниқ қанча пул сарфлаётганини тўлиқ кўрсатмайди. Бироқ бу кўрсаткич аҳоли даромадлари ва уй хўжаликларининг молиявий имкониятларини баҳолашда муҳим ҳисобланади. Бюджетнинг катта қисми озиқ-овқатга сарфланса, нархлар ошиши оилаларнинг таълим, тиббиёт, транспорт ва бошқа эҳтиёжларга ажратадиган маблағини қисқартириши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас