Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россиялик режиссёр Артём Михалков "Жаноб нокаут" номли спорт драмасини суратга олиш учун Ўзбекистонга келди. Фильм Тошкент, Чирчиқ, Янгиобод ва Чорвоқда суратга олинади. Айни пайтда унда иштирок этадиган ўзбек актёрларини саралаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
"Барча сафарларим давомида ўзбек киносининг ривожини кузатиб келдим. Бу йил истеъдодли ёшлар Давлат киноматография институти (ВГИК)га ўқишга отланмоқда. Бу жуда яхши, чунки Ўзбекистон учун ҳам, Россия учун ҳам бу биринчи галдаги масала бўлиши керак. Биз профессионалларга таянишимиз, малакали ёшларни тарбиялашимиз керак ", - деди Артём Михалков.
"Жаноб нокаут" фильми - машҳур совет боксчиси Валерий Попенченко тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи биографик драма. У Токиода 1964 йилда ўтказилган Олимпия ўйинлари ғолиби, икки карра Европа чемпиони, олти карра СССР чемпиони бўлган. У совет спортчилари орасида Олимпия ўйинларининг техник жиҳатдан энг моҳир боксчиси тақдирланадиган Вэл Баркер кубогининг ягона соҳиби ҳисобланади.
Олимпия чемпиони Валерий Попенченко ролини актёр Виктор Хориняк ижро этади, унинг мураббийи Григорий Кусикьянцни эса Сергей Безруков ижро этиши мумкин.
Бўлажак Олимпия чемпионининг ёшлиги урушдан кейинги йилларда Тошкентдаги Суворов номли билим юртида ўтган. Машҳур спортчи ҳаётининг айнан шу жиҳати туфайли суратга олиш учун Ўзбекистон танланган.
Изоҳлар мавжуд емас