Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда қидирувда бўлган эркак ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан қочишга уринган вақтда BYD автомобили билан тўқнашиб, унинг олд ойнасига зарар етказди. Ҳодиса 19 октябрь куни "Малика" савдо мажмуаси ҳудудида содир бўлган. Кейинчалик эркак ушланиб, Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, савдо мажмуасида хизмат олиб бораётган ходимларга у ерда қидирувда бўлган фуқаро борлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ходимлар эркакни топиб, унинг планшетидаги маълумотларни текширишни бошлаганида, у қочишга уринган.
Қочиш вақтида у BYD автомобили билан тўқнашиб, машина олд ойнасини синдирган ва қочишда давом этган. Бироқ кейинроқ ушланиб, Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, фуқарони Сергелий тумани ички ишлар бўлими ходимлари тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун бир неча марта чақирган. У чақирувларга келмагани сабабли қидирувга берилганини айтган.
"Улар қўнғироқ қилганида ўз вақтида етиб боришим керак эди", — деган ушланган эркак.
Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини автомобиль уриб юборгани акс этган видео тарқалганди. Қизалоқнинг отаси ҳайдовчи фарзандини урганидан кейин тўхтамасдан кетиб қолганини билдириб, масъул идоралардан ҳолатни ўрганиш ва қонуний чора кўришни сўраган. Бироқ Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчи ҳодиса жойини тарк этмаганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас