Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонга келувчи хорижий сайёҳлар энди Google Pay орқали смартфон ёрдамида контактсиз тўловларни амалга ошириши мумкин. Туризм қўмитаси маълум қилишича, мамлакатда Apple Pay тўлов тизимини ҳам ишга тушириш учун техник ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда Марказий банк, тижорат банклари, HUMO ва Uzcard тўлов тизимлари иштирок этмоқда.
Янги тўлов имкониятлари, айниқса, Хитой ва Ҳиндистондан келувчи сайёҳлар учун ҳам кенгайтирилмоқда. Август ойида HUMO тўлов инфратузилмасига Alipay+ тизими уланган. Бу орқали Alipay ва унга боғланган электрон ҳамёнлардан фойдаланувчилар Ўзбекистондаги савдо нуқталарида UZQR кодини сканерлаб, харидлар учун тўлов қилиши мумкин.
Ҳиндистоннинг UPI тўлов тизимини Ўзбекистондаги UZQR инфратузилмасига интеграция қилиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. HUMO ва NPCI International вакиллари трансчегаравий QR-тўловлар лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилган. Лойиҳа жорий этилса, ҳиндистонлик сайёҳлар ўзларига одатий бўлган тўлов иловалари орқали Ўзбекистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида ҳисоб-китоб қилиш имконига эга бўлади.
Халқаро тўлов тизимларини маҳаллий инфратузилмага улашдан мақсад — хорижлик меҳмонларнинг нақд пул ёки халқаро банк карталарига боғлиқлигини камайтириш, уларга ўзлари одатланган тўлов усулларидан фойдаланиш имконини яратишдир. Apple Pay’нинг ишга туширилиши эса ҳозирча режа босқичида.
19 октябрь куни Ўзбекистонда Google Pay тўлов хизмати расман фаолият бошлаганди. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида Google Cloudнинг давлат органлари билан ишлаш (GR) директори Марчин Красуски маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас