Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия президенти Владимир Путин меҳнат мигрантларининг мамлакатда бўлиш тартибини қатъийлаштирувчи қонунни имзолади. Янги қоидаларнинг асосий қисми 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Янги қонунга мувофиқ, меҳнат мигрантлари ўзини ҳамда Россияда яшаётган оила аъзоларини камида ҳудудда белгиланган яшаш минимуми даражасида таъминлаши шарт. Агар ушбу талаб бажарилмаса, уларнинг патенти ёки ишлаш рухсатномаси узайтирилмайди. Бундай ҳолатда мигрантлар вояга етмаган фарзандлари билан бирга 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши лозим бўлади.
Шунингдек, мигрантларнинг фарзандлари 18 ёшга тўлгач, ишлаш учун патент расмийлаштириши ёки 30 кун ичида Россияни тарк этиши талаб этилади. Вояга етмаган болаларнинг вақтинча яшаш муддати ота-онаси патентининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги белгиланган.
Қонунга кўра, меҳнат мигрантлари ўзлари ва вояга етмаган фарзандлари учун жисмоний шахслар даромад солиғи (НДФЛ) бўйича аванс тўловларини ҳам амалга оширади. Патент асосида хусусий хўжаликларда ишловчилар ойига 1,7 минг рубль, ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларда меҳнат қилаётганлар 1,2 минг рубль тўлайди. Патентсиз ишлаш ҳуқуқига эга айрим тоифалар учун ҳам ойига 1,7 минг рубллик аванс тўлови жорий этилган.
Бундан ташқари, Россияда мигрантлар учун давлат божлари ҳам оширилган. Энди Россия фуқаролигини расмийлаштириш учун 50 минг рубль, яшаш гувоҳномаси учун 30 минг рубль, вақтинча яшаш рухсатномаси учун 15 минг рубль тўланади. Чет элликларни ишга жалб қилиш рухсатномаси учун ҳам ҳар бир ходимга 15 минг рубллик давлат божи белгиланган.
Қонун билан яна бир муҳим янгилик жорий этилган. Энди Россияда ёки бошқа давлатларда содир этилган жиноят учун судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахслар Россия фуқаролиги ёки мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини ола олмайди.
Олдинроқ Россия Давлат думаси мигрантлар мамлакатга кириш ёки ишлаш ва яшаш учун рухсат олишда тез-тез фойдаланадиган ноқонуний миграция ва сохта тиббий маълумотномаларга қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳалари мажмуасини маъқуллаганди.

Изоҳлар мавжуд емас