Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилдан нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш тартиби қатъийлаштирилди. Шу билан бирга, масъуллар амалда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш учун қоидаларни енгиллаштириш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 403-сон қарорига мувофиқ, энди нодавлат олий таълим ташкилотлари талабаларининг маҳаллий ва хорижий ОТМлардан ўқишини кўчириш давлат олийгоҳлари учун белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
Янги тартибга кўра, давлат ОТМдан нодавлат ОТМга, шунингдек, бир нодавлат ОТМдан бошқасига ўқишни кўчириш учун фақат икки асос — турмуш қуриш ёки ота-онанинг иш жойи ўзгаргани қабул қилинади. Хорижий олийгоҳлардан нодавлат университетга ўтиш эса тест синови орқали амалга оширилади.
Айни пайтда ушбу талаблар амалиётда талабалар учун қатор қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкинлиги билдирилмоқда. Маълум қилинишича, масъуллар билан ўтказилган муҳокамаларда мазкур тартибни енгиллаштириш бўйича ўзгартишлар тайёрланаётгани айтилган.
Кутилаётган ўзгаришларга кўра, давлат ва нодавлат олийгоҳларидан нодавлат университетларга ўқишни кўчириш масаласида университетларга мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилиши режалаштирилган. Хорижий ОТМлардан нодавлат университетларга ўтишда эса тест синови сақланиб қолади, бироқ ўтиш балларини ҳар бир нодавлат университет ўзи белгилайди. Бунда минимал талаб 56,7 баллдан кам бўлмаслиги шарт қилиб белгиланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан 2026/2027 ўқув йилида давлат олий таълим ташкилотларида янги ташкил этилган 11 та таълим йўналиши рўйхати ҳамда уларга мос тест синови фанлари мажмуаси тасдиқланганди. Янги ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ушбу замонавий ва талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилинади.

Изоҳлар мавжуд емас