Узбекистан, Ташкент – ЯН Batafsil.uz.“Ўзбекистон металлургия комбинати” томонидан 2019 йилнинг январь-август ойлари давомида махсулот экспорти 275.6 минг тоннагача оширилган. Корхона матбуот хизматининг маълум қилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга кўпайган.
Экспортнинг аксарият улуши қора металл прокатига тўғри келади. Қолган қисмини эса сирланган идишлар ташкил этади.
“Бугунги кунда саккизта давлатга махсулотимиз экспорт қилинади. Афғонистон ва Қозоғистон металлопрокат, Тожикистон сирланган идиш, металлопрокат ва иссиқликни сақловчи материаллар, Беларусь мис ва унинг қотишмаси, Украина – металлопрокат, Туркманистон қурилиш михларини харид қилмоқда”, – дея таъкидлади “Ўзметокомбинат”нинг маркетинг бўлими бошлиғи Эркин Ибрагимов.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда комбинат томонидан янги хорижий йўналишлар кўриб чиқилмоқда. Масалан, Озарбайжонга махсулот етказиб бериш ҳисобига экспорт географиясини янада кенгайтириш режалаштирилган. Мазкур давлатга “Ўзметкомбинат” мис ва унинг қотишмасини экспорт қилади.
“Умуман олганда, йил охиригача комбинат томонидан 350 000 тоннага тенг махсулотни экспорт қилиш режаси мавжуд. Таъкидлаш лозимки, амалдаги экспорт кўрсаткичи бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки маҳаллий махсулотга бўлган талаб, айниқса МДҲ давлатларида тобора ошмоқда. Махсулотни ташиш ва логистика шароитлари ҳам яхшиланиб бормоқда”, - деди суҳбатдошимиз.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2017 йилда “Ўзметкомбинат” хорижнинг SFI Management Group компаниясига ишончли бошқарув асосида топширилган эди. Айни пайтда чет эл компанияси Олмалиқ ТМК ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” каби корхоналари акцияларининг давлат пакетларини бошқариб келмоқда.
Компания нафақат давлат улушларини бошқариб келмоқда, балки ўзи ҳам Ўзбекистонга инвестиция киритмоқда. SFI Тошкент шаҳрида илк ҳисобланадиган металлургия комбинатини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Янги завод бир йилда 500 минг тонна совуқ прокатли тунука ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу лойиҳа бўйича инвестиция ҳажми 280 милион еврони ташкил қилади.
Изоҳлар мавжуд емас