Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг 12 та агломерациясидаги 35 та шаҳар ва туманни қамраб олган тадқиқотда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нотурар объектларнинг ўртача бозор нархлари ўрганилди. Таҳлиллар энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги хонадон нархлари фарқи қарийб олти баробарни ташкил этишини кўрсатди.
Мамлакат бўйича энг юқори нарх Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида қайд этилган бўлса (1 квадрат метр учун 25,3 миллион сўм), энг паст кўрсаткич Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида (1 квадрат метр учун 4,5 миллион сўм) кузатилган.
Пойтахт Тошкентда хонадонлар нархи бўйича Шайхонтоҳурдан сўнг Миробод (23,2 миллион сўм) ва Яккасарой (20,5 миллион сўм) туманлари юқори ўринларни эгаллаган. Пойтахт туманлари орасида энг арзон хонадонлар Янгиҳаёт туманида (11 миллион сўм) қайд этилган.
Шунингдек, якка тартибдаги уй-жойлар бозорида бир сотих учун 1,72 миллиард сўм ҳамда нотурар мулк бўйича 1 квадрат метр учун 24,4 миллион сўм кўрсаткич билан Мирзо Улуғбек тумани етакчилик қилган. Бу тоифаларда энг арзон нархлар Бектемир туманига тўғри келган.
Вилоятлар ва бошқа йирик агломерациялар кесимида ҳам нархлар кескин фарқланади. Хусусан, Самарқанд шаҳри ҳудудлар орасида сезиларли юқори нархлари билан ажралиб турган: бу ерда хонадонларнинг 1 квадрат метри 11,8 миллион сўмни, хусусий уйларнинг бир сотихи 472,1 миллион сўмни ва нотурар жойлар 12,9 миллион сўмни ташкил этган. Ушбу агломерация доирасида энг арзон кўрсаткичлар Косонсой туманида (1 квадрат м учун 4,8 миллион сўм ва бир сотих учун 70,4 миллион сўм) қайд этилган.
Қўқон, Чирчиқ ва Янгийўл агломерациясида хонадонлар ва нотурар объектлар нархи бўйича Чирчиқ шаҳри (мувофиқ равишда 9 миллион ва 9,3 миллион сўм) етакчи бўлган бўлса, якка тартибдаги уй-жойлар бўйича Қўқон шаҳри олдинга чиқди (бир сотих ер ўртача 198,6 миллион сўм). Бу агломерацияда энг арзон уйлар Чинозда (6,3 миллион сўм) кузатилган
Бухоро, Хива ва Когон йўналишида Бухоро шаҳри учала тоифа бўйича ҳам энг қиммат ҳудудга айланган: хонадонларнинг 1 квадрат метри 8,4 миллион сўм, хусусий уйларнинг бир сотихи 388,6 миллион сўм, нотурар мулк эса 10,2 миллион сўм деб баҳоланган. Энг арзон хонадонлар Хивада (4,8 миллион сўм), энг арзон ер майдонлари эса Когонда (114,4 миллион сўм) қайд этилган.
Нукус, Фарғона ва Оҳангарон ҳудудларида Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида хонадон нархлари бир хил — квадрат метр учун 7,1 миллион сўмни ташкил этган. Олмалиқ хусусий уйлар (бир сотих учун 129,7 миллион сўм), Марғилон эса нотурар мулк (квадрат метр учун 6,2 миллион сўм) бўйича юқори кўрсаткич қайд этган бўлса, Нукусда хонадонларнинг 1 квадрат метри ўртача 5,6 миллион сўмни ташкил қилган.

Изоҳлар мавжуд емас